#xabar #haj2026 #safar #kuzatuv
Бугун, 2 май куни Тошкент халқаро аэропортида бўлғуси ҳожиларимизнинг илк гуруҳлари муборак ҳаж сафарига кузатилди.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаментининг бошлиғи Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, шунингдек, таниқли уламолар, мутасадди ташкилотлар вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Кузатув чоғида Муфтий ҳазратлари зиёратчиларга Ҳаж амалларини мукаммал ва бекаму кўст адо этишларини тилаб, Ҳақ таолодан юртдошларимизнинг сафарларини бехатар, ибодатларини эса мақбул айлашини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Орзулари рўёбидан қалблари ҳис-ҳаяжонга тўлган бўлғуси ҳожилар давлатимиз томонидан яратилган юксак шароитлар учун миннатдорлик билдириб, муқаддас заминда Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун дуода бўлишларини таъкидлашди. Шундай қилиб, илк зиёратчилар гуруҳи Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига кўтаринки кайфиятда жўнаб кетди.
Аллоҳ таоло бу йил ҳаж сафарига отланган барча юртдошларимизнинг ҳажларини мабрур бўлиб, она Ватанимизга эсон-омон қайтиб келишларини насиб айласин!
Ҳожиларнинг илк гуруҳлари муборак сафарга кузатилмоқда (https://t.me/muslimuzportal/45899)
Байтуллоҳ ошиқлари муборак сафарга отланмоқда (https://t.me/muslimuzportal/45909)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#taziya
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижод уйи ходимаси Муслима Таджибаеванинг падари бузруквори Миркомил отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz