«Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”» (Фуссилат сураси, 30-33-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ушбу оят Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлди. Мушриклар: “Роббимиз Аллоҳ”, деб айтардилар, аммо Унга ширк келтиришарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Роббим Аллоҳ шериги йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва расулидир”, деб жавоб қайтарарди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ” ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудий ва насронийлар Аллоҳ таолога ширк келтирдилар. Лекин умматим Роббим Аллоҳ дейди ва У зотга бирор нарсани шерик қилмайди”, дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини ўқидилар ва: “Одамлар: “Роббим Аллоҳ”, дедилар. Аммо уларнинг аксарияти куфр келтирдилар. Ким Роббим Аллоҳ деб вафот этса, батаҳқиқ тўғри йўлда бўлганлардан бўлибди”, дедилар.
Саид ибн Имрон розияллоҳу анҳу айтади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурида «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини тиловат қилдим”. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Улар Аллоҳ таоло ширк келтирмайдиганлар”, деди.
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ менга бир ишни айтингки, уни маҳкам ушлай”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Роббим – Аллоҳ, сўнг тўғри бўл”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Менга энг катта зарар келтирадиган нарса нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларига ишора қилиб: “Мана бу”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Тўрт халифаи рошидин розияллоҳу анҳум “тўғри бўлган зотлар...”нинг фазилатларини турлича шарҳлаганлар: Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Сўзи ва амали бир бўлган, Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмайдиганлар”, деганлар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб ушбу оятни ўқиди ва: “Аллоҳ таолога итоат этишда бардавом бўлувчилар. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар”, дедилар.
Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу: “Амалларни холис Аллоҳ учун адо этувчилар”, Али каррамаллоҳу важҳаҳу эса: “Фарзларни бажарувчилар”, деганлар.
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу саҳобалардан оятдаги “тўғри бўлган зотлар...” кимлар экани ҳақида сўрадилар. Улар: “Гуноҳ қилмайдиганлар”, деб жавоб беришди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қийинлаштириб юбордингиз. Ундай эмас, балки иймон келтиргандан кейин Аллоҳ таолога ширк келтирмайдиганлар”, дедилар.
Ана шундай сифатлар билан хулқланган бандалар охиратдаги ҳоллари, қилиб ўтган амаллари натижаси қандай бўлиши ҳақида хавфсираганларида фаришталар уларнинг қалбига хотиржамлик бағишловчи бундай хушхабарлар етказишади: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз!”.
Ушбу оят тафсирида аллома, доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фаришталар мўминларга уч ҳолат: вафот этаётганда, қабрда ва қайта тирилганда яқин келадидар ва: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар. Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Чунки сиз ҳаётлик вақтингизда “Роббимиз – Аллоҳ” дедингиз ва ўша сўзда собит турдингиз. Сизларга ваъда қилинган жаннатга киришингиз ва у ерда абадий қолишингиз ҳақида башорат берамиз. Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло бизни сизларга химоячи, дўстингиз қилиб кўйганидек, охиратда ҳам сизлар билан биргамиз”, дейдилар».
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг шарҳида: “Замонавий илм-фан ютуқлари қанчалик ривожланмасин, кўнгил истаган нарсани махсус тугмача топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”, дейди.
Жаннатда кўнгил нимани тусаса, ўша нарса дарҳол муҳайё қилинади. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: “Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари)билан шоддирлар” (Ёсин сураси, 55-оят).
Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: “Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!” дейдилар. Зеро, уларга (сурати)бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).
Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.
Зикр этилган жаннат ва унинг неъматлари “Роббимиз – Аллоҳ” деган ва шунда собит бўлган мўмин-мусулмонлар учун “(Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зиёфатидан баҳраманд бўлувчи бандалари қаторига қўшсин.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”,
Ваҳба Зуҳайлийнинг “Тафсирул мунийр” асарларида асосида
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати