Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Овқатланишдан олдин қўлни ювиш.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва у пайғамбарларнинг суннатларидандир”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
2. “Бисмиллаҳ” ни айтиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди”, деганлар.
Шайтон Аллоҳ таолонинг исмини айтмай еяётган одамга шерик бўлади. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қачонки таом устида Аллоҳ зикр қилинса, шайтон шерикларига: "Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ", дейди. Агар Аллоҳ зикр қилинмаса, шайтон: "Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз", дейди (Имом Бухорий ривояти).
Агар овқатланишнинг аввалида "бисмиллаҳ"ни айтиш ёддан кўтарилса, эсга тушганда: “Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи”, дейиш лозим.
3. Ўнг қўл билан ейиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чап қўл билан еманглар! Чунки шайтон чап қўли билан ейди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
4. Таомни ўз олдидан ейиш.
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоққа бориб-келарди. Шунда у зот алайҳиссалом менга: "Эй ғулом! "Бисмиллаҳ" дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!" дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
5. Тушиб кетган луқмани олиб, ейиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиздан бир луқма тушиб кетса, ундаги зарарни кетказсин, сўнгра есин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирингизнинг егулигингиз ерга тушиб кетса, уни кўтариб, сиртини бегона нарсалардан тозалаб есин, насибасини шайтонга қолдирмасин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Астон университети профессори Энтони Хилзнинг олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, ерга тушиб кетган егуликни беш сония ичида ердан олиб истеъмол қилиш соғлиқ учун хавфсиз экан. Чунки бу вақт ичида ҳеч қандай микроорганизм егуликка тегишга ёки уни зарарлашга улгурмайди.
6. Овқатни учта бармоқ билан ейиш ва бармоқларни ялаб қўйиш. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар" (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланиб бўлгандан сўнг бармоқларни ялаб қўйиш ҳақида бундай деганлар: "Қўлини артмай туриб ялаб қўйсин. Дарҳақиқат, у барака қай бирида эканидан бехабардир".
7. Овқатни айбламаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон овқатни ёмонламаганлар, ёқтирсалар еганлар, ёқтирмасалар емаганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
8. Овқатни ёнбошлаб, тик туриб тановул қилмаслик.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен суянган ҳолимда емайман", деганлар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар". Шунда саҳобалар: "Тик туриб ейиш мумкин-ми?" деб сўрашди.
У зот алайҳиссалом: "У яна ҳам оғирроқ", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
9. Овқатга пуфламаслик.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом ва шаробга пуфлашдан қайтардилар" (Имом Аҳмад ривояти).
10. Овқатни қорин тўйгунча емаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамзот қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмагандир. Аслида, унга қоматини тиклаб турадиган овқат етарлидир. Агар зарурат бўлса: қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафас олиши учун бўлсин!” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).
11. Жамоат бўлиб овқатланиш.
Бир жамоа одамлар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз овқатланамиз, аммо ҳеч тўймаймиз", дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар алоҳида-алоҳида овқатланасиз-ми?" деб сўрадилар.
Улар: "Ҳа, шундай", дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Таомингизга (биргаликда) тўпланинг ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинг. (Шунда) барака берилади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
12. Овқатланиб бўлгач Аллоҳ таолога ҳамд айтиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқат еб бўлсалар: “Алҳамдулиллаҳиллазий атъамана ва сақона ва жаъалана муслимийн” (Бизни овқатлантириб, суғориб ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин) деб айтардилар.
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Инсоният тарихида айрим маконлар борки, улар фақат географик нуқта эмас, балки руҳий тарбия ва маънавий уйғониш маркази ҳисобланади. Ана шундай муқаддас масканларнинг энг улуғи – Масжидул ҳаром ва увинг қалби бўлган Каъбаи муаззамадир. Миллионлаб мусулмонлар ҳар йили турли миллат, тил ва маданиятдан қатъи назар, бир мақсад – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун ушбу муборак жойга йўл оладилар. Ҳаж – Исломнинг бешинчи рукни бўлиб, у оддий саёҳат ёки расмий маросим эмас. Ҳаж инсоннинг қалбини поклайдиган, нафсини тарбиялайдиган, уни янада масъулиятли ва тақводор шахсга айлантирадиган буюк ибодатдир. Аслида, ҳақиқий ҳаж – инсоннинг ички дунёсини ўзгартирувчи ҳаждир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи уй Баккада (Маккада) муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят). Ушбу муборак оят Каъбатуллоҳнинг инсоният тарихидаги юксак ўрнини кўрсатади. У нафақат мусулмонларнинг қибласи, балки тавҳид рамзи ҳамдир. Ер юзида турли цивилизациялар пайдо бўлиб, йўқолиб кетган бўлса-да, Каъба асрлар давомида инсониятни ягона Роббга ибодат қилишга чақириб келмоқда.
Тарихий манбаларда Каъбанинг бир неча бор қайта таъмирлангани зикр қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларгача, ҳатто Қурайш қабиласи ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳулар давригача унинг қайта қурилгани ҳақида ривоятлар келтирилган. Бу ҳолат Каъбанинг инсоният онгида нечоғли муқаддас ўрин тутишини англатади.
Кўпчилик ҳажни фақатгина фарз амалини адо қилиб қўйиш деб тушунади. Аслида эса ҳаж – инсоннинг ахлоқий ва маънавий камолотини синовдан ўтказадиган улкан мактабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» (Муттафақун алайҳ). Лекин ҳар қандай ҳаж ҳам «мабрур» (қабул бўлган) бўлавермайди. Уламолар мабрур ҳажни — холис ният билан, ҳалол молдан, гуноҳ, риё ва хўжакўрсинликдан узоқ ҳолда адо этилган ибодат деб таърифлайдилар. Демак, ҳаждан мақсад фақат Каъбани кўриш ёки эл қатори «ҳожи» деган ном олиш эмас. Балки инсоннинг ички дунёси ўзгариши, гуноҳлардан чин дилдан тавба қилиши ва ҳаётини янги, пок босқичдан бошлаши муҳимдир.
Билишимиз керак бўлган энг муҳим масалалардан бири — ҳажга кетишдан аввал чин дунёдан тавба қилиш ва одамлар ҳақини адо этишдир. Зеро, зиммасида қарзи ёки ўзганинг ҳақи бўлган инсон ҳаж қилишдан аввал уларни эгаларига қайтариши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар: «Бой (қодир) кишининг қарзини бермай пайсалга солиши зулмдир» (Имом Бухорий ривояти). Афсуски, бугунги кунда айримлар ҳажни обрў, тижорат ёки ижтимоий мақом воситасига айлантириб юбормоқда. Ислом шариатида пора, таниш-билишчилик ёки ноҳақ йўллар билан ҳажга бориш қаттиқ қораланади. Бундай йўллар ибодатнинг руҳий моҳиятини бутунлай йўққа чиқаради. Исломда ибодатнинг қабул бўлиши учун унинг ташқи дабдабаси эмас, балки ихлос, тақво ва ҳалоллик асос қилиб олинади.
Ҳақиқий ҳожи ҳаждан қайтгач, унинг хулқида, оилавий ва ижтимоий ҳаётида ижобий ўзгаришлар сезилиши керак. Улуғ тобеин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Мабрур ҳаж — инсоннинг ҳаждан дунёга бефарқ (зоҳид), охиратга эса рағбатли ҳолда қайтишидир». Агар инсон табаррук сафардан қайтганидан кейин ҳам ғийбат, такаббурлик, манманлик, тарозидан уриш ва ноҳақликни тарк этмаса, у ҳажнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини англаб етмаган бўлади. Ҳаж мусулмон кишига сабрни, тартиб-интизомни, камтарлик ва биродарликни ўргатади. Эҳромга кирган пайтда бой билан камбағал, раҳбар билан оддий ишчи бир хил кийимда, ёнма-ён туради. Бу эса инсонлар ўртасидаги барча сунъий фарқларни йўқотиб, Аллоҳ ҳузуридаги ҳақиқий тенглик ғоясини намоён этади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ҳажарул асвадни ўпаётиб, тарихга муҳрланган ушбу сўзларни айтган эдилар: «Сен фақат бир тошсан, на фойда ва на зарар етказа оласан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпганларини кўрмаганимда, сени асло ўпмас эдим». Бу теран фикр Исломда ибодатлар фақатгина соф ақида ва суннатга асосланишини кўрсатади. Мусулмон киши Ҳажарул асвадни қандайдир сеҳрли куч деб эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиром рамзи сифатида зиёрат қилади.
Ҳаж — мусулмон умматининг энг буюк маънавий қурултойидир. У инсонни ташқи жиҳатдан эмас, балки ички оламини тубдан ўзгартириш учун фарз қилинган. Ҳақиқий ҳаж инсонни камтар, ҳалол, масъулиятли ва тақводор қилади. Бугун мусулмон жамиятимизда ҳажнинг фақат ташқи расмиятчилигига эмас, балки унинг маънавий-руҳий моҳиятига кўпроқ эътибор беришимиз зарур. Чунки Каъбани шунчаки кўз билан кўришдан ҳам муҳимроғи — қалб кўзини очиш ва уни поклашдир. Ҳақиқий мабрур ҳаж эса инсонни гуноҳлардан узоқлаштириб, Яратувчисига яқинлаштиради.
Жамол Мавлонов,
Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» жоме масжиди имом-хатиби