frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Бир қўчқор ва икки камбағалнинг қиссаси

06.05.2026   8282   3 min.
Бир қўчқор ва икки камбағалнинг қиссаси

Бир бой киши ҳеч ким билмаслиги учун қурбонлик қилинадиган қўйларни махфий равишда садақа қилишни хоҳлади. У ўз қўйларига фақат ўзи биладиган махсус белгилар қўйган эди. У хизматкорларидан бири орқали қўшни қишлоқдаги энг муҳтож, кўп фарзандли ва камбағал оилаларга биттадан семиз қўчқорларни юборди. Бу бой кишининг гўзал одати шундай эдики, у кўп садақа қиларди-ю, лекин буни хизматкорларидан бошқа ҳеч ким билмасди.

Бир куни бой киши бозорда юриб, тўсатдан кечагина қўшни қишлоққа садақа қилиб юборган қўчқорларидан бирини камбағал кишининг қўлида кўриб қолди. Бой киши жуда ҳайрон бўлиб, ичида деди: Бу қўчқор менинг садақаларимдан-ку! Хизматкорим уни мана шу одамга берган бўлса, нега у буни сотяпти? Демак, бу одам муҳтож эмас экан, хизматкорим манзилда адашибди.

Бой киши камбағалга яқинлашиб сўради:

— Бу баҳайбат қўчқорни ўзинг боққанмисан ёки бирор савдогардан сотиб олдингми?

Камбағал киши табассум билан жавоб берди:

— Аллоҳга қасамки, на униси ва на буниси. Бунинг ажойиб қиссаси бор. Кеча эшигим тақиллади, қарасам, бир нотаниш киши турибди. У менга: «Бу қўчқорни сизга хожам ҳадя қилди», деди-ю, хожасининг исмини айтмай кетди. Кўриб турганингиздек, бу қўчқор жуда катта. Менинг эса худди ўзимдек ўта муҳтож, серфарзанд бир қўшним бор. У ҳайит учун нафақат қўй, балки гўшт ёки товуқ сотиб олишга ҳам қурби етмайди. Шунинг учун бу қўчқорни сотиб, пулига иккита кичикроқ қўй олмоқчиман: бирини ўзимга, иккинчисини эса ўша муҳтож қўшнимга бераман.

Бу гапларни эшитган бой киши йиғлаб юборди ва деди:

— Барака топ, сенга хушхабар бўлсин! Роббимиз: Сизлар суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсиз (Оли Имрон сураси) деб айтганида ҳақ эди. Сен ўзинг шу гўштга жуда муҳтож бўла туриб, эҳсон қиляпсан.

Жаноби Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўлолмайди деганлар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Қўшнининг ҳолидан хабардор бўлиш – мана шу ҳақиқий Исломдир! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёнидаги қўшниси оч ўтириб, ўзи тўқ ухлаган киши биздан эмас” деб айтганлар.

Бой киши сўзида давом этди:

— Эй биродар, мен бу катта қўчқорни сендан сотиб оламан. Мана пулини ол-да, бориб иккита қўй сотиб ол. Сен мендан ва менга ўхшаган бойлардан кўра сахийроқ экансан. Чунки бойлар боридан, кенгчиликдан инфоқ қиладилар, сен эса йўқчилик ва танглик ҳолида эҳсон қиляпсан.

 

Қани эди биз ҳам камбағалларнинг ҳолидан хабар олсак... Агар ҳар бир бой ўз қўшниларидан хабардор бўлганида эди, юртимизда бирорта ҳам камбағал қолмасди. Агар ҳар бир бой закотини чиқарганида эди, юртда бирорта муҳтож қолмасди.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда

12.08.2026   32790   1 min.
Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.

12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.

Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда Аҳоли билан очиқ мулоқот: мурожаатлар ечим топмоқда
Янгиликлар