Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июл, 2026   |   5 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:26
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:56
Хуфтон
21:28
Bismillah
19 Июл, 2026, 5 Сафар, 1448

Ростгўйлик – Аллоҳнинг қиличи

06.05.2026   11438   3 min.
Ростгўйлик – Аллоҳнинг қиличи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сидқ ва унинг улуғлиги ҳақида машойих кўпгина қимматли сўзлар айтган эканлар, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз.


1. Шақиқи Балхий қуддиса сирруҳу шундай дейдилар:

“Содиқ муриднинг ҳоли хурмо экиб, мева ўрнига тикан  ўсиб қолмасайди, деб хавотирда юрган одамга ўхшайди. Ёлғончи муриднинг ҳоли эса, тиканли бута экиб, хурмо беришини кутаётган одамга ўхшайди”.


2. Абул Фатҳ ал-Мосулий қуддиса сирруҳудан сидқ ҳақида сўраганларида, қўлларини темирчининг ўчоғига суқиб, ундан ловуллаган темир бўлагини олдилар, сўнг кафтларига қўйдиларда: “Сидқ мана будир!” дедилар.


3. Шунингдек, айтилибди: “Содиқ, ўзини ўлимга ҳозирлаган кишидир, у мабодо бирор бир сири очилиб қолгудай бўлса ҳам, ҳижолатда қолмаслигига ишонади”. Чунончи  Аллоҳ бу ҳақда марҳамат этибди:

“Агар (даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар ўлимни орзу қилинглар-чи?!” (Жума сураси, 6-оят).

Агар банда ўз ўлимига тайёргарлигида холис, самимий бўлса, ажалнинг қай вақтда келиши уни хавотирга солмайди, чунки Аллоҳ олдида уни хижолатга қолдирадиган ҳеч бир нарса йўқлигига ишонади.       


4. Зуннуни Мисрий қуддиса сирруҳу айтадилар:

“Сидқ – Аллоҳнинг қиличи, нимада синаб кўрилмасин, ҳаммасини кесади”.
 

5. Шунингдек, бир олим:

“Ким доимий бажарилишга буюрилган зиммасидаги фарзини адо этмас экан, бажарилиши маълум вақтларда белгиланган, фарз ибодатларини ҳам Аллоҳ қабул қилмайди”, деб айтганида, Ўша олимдан:

“Доимий фарз” ўзи нима, деб сўрабдилар. У олим: “Тўғрилик”, деб жавоб берибди.


 6. Бошқа бир солиҳ шундай деган экан:

“Ёлғончининг аломати, уни ундан талаб қилмасаларда ҳадеб бўлар-бўлмасга қасам ичаверишидир”.


7. Шунингдек, айтилибди:

“Хушомадчи одам сидқни, ростликни ҳидини ҳам тотмайди. У хоҳ ўзига хушомад қилсин, хоҳ ўзгага, буни асло фарқи йуқ”.

Аллоҳнинг Қуръони каримдаги: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар!” деган сўзини (Тавба сураси, 119-оят) қуйидагича шарҳлаган эканлар: “Эй Аллоҳга имон келтирган аҳли китоблар, бу дунёда содиқ бўлган мусулмонлар билан бирга бўлингиз, ёхуд имонингизни ҳақ ва  тўғри бўлган, Ислом дини билан ислоҳ қилишга эришсангиз, эртага жаннатда ҳам ҳақиқий, ростгўй, сиддиқлар билан бирга бўласиз”.

Илоҳиёт олимлари шундай деган эканлар:

“Сидқ – тўғрилик бу тариқатдаги ҳол мақомининг энг олий даражасидир. Бу дегани шуки, инсоннинг ички оламидаги кайфияти ва ташқи кўринишдаги кайфияти хоҳ одамлар ичида бўлсин, хоҳ танҳолик ҳолида бўлсин, умуман бир-биридан фарқ қилмаслиги лозим. Бу жуда ҳам нодир ва камдан кам учрайдиган ҳолдир”.

Сидқ – тўғрилик худди одамнинг сўзида бўлгани каби унинг руҳий ва маънавий ҳолида ҳам бўлади. Сидқнинг мана шу кўриниши унинг энг мукаммал шаклидир.


“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Истанбулдаги халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг зиёрат туризми намойиш қилинди

17.07.2026   22073   1 min.
Истанбулдаги халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг зиёрат туризми намойиш қилинди

Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “Умра+Зиёрат туризми” халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг миллий экспозицияси намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Лутфи Кирдар конгресс-кўргазма марказида ташкил этилган нуфузли тадбирда 400 дан ортиқ хорижий компания ҳамда Туркия туризм соҳасининг қарийб 1,5 минг нафар вакили иштирок этди.

Умра туризми ташкилотлари уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг зиёрат туризми имкониятлари, муқаддас қадамжолари, бой тарихий-маданий мероси ва замонавий инфратузилмаси ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Экспозицияда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларининг туризм имкониятлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар, машҳур зиёратгоҳлар ҳамда сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар кенг ёритилди.

Кўргазма доирасида миллий анъаналар, ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари, меҳмондўстлик маданияти ҳамда мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган тақдимотлар ҳам ўтказилди.

Туркия, Яқин Шарқ давлатлари ва бошқа мамлакатлардан келган туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхона бизнеси ва зиёрат туризми соҳаси вакиллари билан B2B форматида икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Суҳбатлар давомида Ўзбекистонга зиёратчилар оқимини кўпайтириш, қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш ва ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг мазкур кўргазмадаги иштироки мамлакатимизнинг Марказий Осиёда зиёрат туризмининг етакчи йўналишларидан бири сифатидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари