Кўпчилигимиз Қуръонни фақат Рамазонда хатм қилишга одатланганмиз. Аммо бу муборак Каломни ҳар ойда бир марта ўқиб чиқишни доимий одатга айлантирсангиз, ҳаётингизда мўъжизавий ўзгаришлар содир бўла бошлайди:
1. Уйингизга фаришталар тушади
Ҳадисда келишича, Қуръон ўқиладиган уйга фаришталар келади, шайтонлар у ерни тарк этади. Хонадонингизда сиз тушунтириб беролмайдиган бир хотиржамлик ва сукунат қарор топади.
2. Ризқингизга барака киради
Қуръон тиловати вақтни ҳам, маблағни ҳам баракали қилади. Ой давомида қилган ишларингизда унум, топганингизда эса хайр кўрасиз.
3. Зеҳнингиз ва хотирангиз чархланади
Мунтазам Қуръон ўқиш мия фаолиятини яхшилайди, диққатни жамлашни ўргатади ва сизни тушкунлик (депрессия)дан ҳимоя қилади. У қалбнинг шифосидир.
4. Дуоларингиз ижобат бўлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни хатм қилса, унинг ижобат бўладиган битта дуоси бордир», деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти). Ҳар ойда бир марта Аллоҳдан энг муҳим ҳожатларингизни сўраш учун махсус имкониятга эга бўласиз.
5. Қалбингиз нурга тўлади
Инсон дунё ташвишлари билан чарчайди, қалби занглайди. Ҳар ойлик хатм бу зангларни тозалаб, руҳиятингизни янгилаб туради.
БУ ЖУДА ОСОН!
Қуръон тахминан 600 бетдан иборат. Агар кунига 20 бет (1 жуз) ўқисангиз, бир ойда бемалол хатм қиласиз. Бу эса ҳар намоздан кейин бор-йўғи 4 бетдан тўғри келади.
Бугундан бошланг! Ўзингизга соат вақтини белгиланг ва Аллоҳнинг каломи билан дўстлашинг.
Mirarab.uz
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати