#Китоб_тақдимоти
Бугун, 6 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков томонидан таржима қилинган Имом Абулқосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарийнинг “Мақомоти Замахшарий” китоби тақдимоти ўтказилди.
Элликта мақомадан ташкил топган “Мақомоти Замахшарий” асарида ҳар бир мўмин-мусулмонда бўлиши талаб этиладиган гўзал одоблар ва хислатлар ҳақида сўз боради. Қарийб минг йил ўтганига қарамай, ҳалигача бу китоб ўз қадрини йўқотган эмас.
Тадбирни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Устозлар томонидан “Мақомоти Замахшарий” китобидаги мақомот тушунчаси, асарнинг аҳамияти ҳамда таржиманинг ютуқлари ва афзаллик жиҳатлари ҳақида маърузалар қилинди. Шунингдек, китобнинг маънавий аҳамияти, унинг профессор-ўқитувчилар, талабалар ва диний соҳа ходимлари учун муҳим қўлланма эканлиги таъкидланди.
Тақдимотда, шунингдек, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Нодир домла Жалолов, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Султонбек Имомназаров ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этдилар.
Тақдимот тадбири хайрли дуолар билан ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот котиби
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти