Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам еган охирги таомлари пиёз бўлган” (Имом Абу Довуд ривояти).
Набий алайҳиссалом вафотларидан аввал бир неча кун бемор бўлиб, Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларида ётганлар. Ушбу ҳолатда пиёз истеъмол қилишлари унинг шифобахш хусусиятга эга эканини кўрсатади. Бошқа ҳадисларда пиёз ва саримсоқнинг нохуш ҳиди келмаслиги учун масжидларга боришдан аввал уни хом ҳолатда истеъмол қилишдан қайтарилган.
Пиёз рангни чиройли қилади, балғамни кесади ва ошқозон фаолиятини яхшилайди. Уни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш хотирани сусайтиради, ақлни заифлаштиради ва оғиздан ёмон ҳид келиб, фаришталарга азият етишига сабаб бўлади.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати