Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам еган охирги таомлари пиёз бўлган” (Имом Абу Довуд ривояти).
Набий алайҳиссалом вафотларидан аввал бир неча кун бемор бўлиб, Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларида ётганлар. Ушбу ҳолатда пиёз истеъмол қилишлари унинг шифобахш хусусиятга эга эканини кўрсатади. Бошқа ҳадисларда пиёз ва саримсоқнинг нохуш ҳиди келмаслиги учун масжидларга боришдан аввал уни хом ҳолатда истеъмол қилишдан қайтарилган.
Пиёз рангни чиройли қилади, балғамни кесади ва ошқозон фаолиятини яхшилайди. Уни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш хотирани сусайтиради, ақлни заифлаштиради ва оғиздан ёмон ҳид келиб, фаришталарга азият етишига сабаб бўлади.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом тинчлик ва омонлик дини бўлишлик билан бир қаторда, ўзгаларни ҳам доимо тинчликка эргашишликка, уни асрамоқликка чақиради. Яратган томонидан бу динни Ислом деб номланиши ҳам фикримизнинг яққол исботидир[1].
Ислом сўзи арабча “салама” ёки “салима” сўзларидан олинган бўлиб, бу сўзлар “тинчлик”, “омонлик”, “хавфсизлик”, “саломат бўлиш” каби маъноларни англатади. Ислом сўзининг луғавий маъносидан шу аён бўладики, Ислом фақат ва фақат тинчликка даъват этади.
Дин сифатида эса у ўзида тинчликни мужассамлаган ва унинг тимсолига айланган. У башариятни сабр-тоқатли, тинчликсевар, меҳр-мурувватли, тартибли, бағрикенг, қаноатли бўлишликка тарғиб этади.
Агар Қуръони карим ёки Ҳадисларда зикр этилган муслим ёки мўмин сўзларининг маъно, мазмунига аҳамият берадиган бўлсак, шу аниқ бўладики Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам наздида, “муслим” ўзида тинчлик ва омонликни мужассамлаган бўлса, “мўмин” эса меҳр-мухаббат, тинчликсевар, бағрикенглик, оғир-босиқлик, сокинлик, каби асл инсоний фазилатларга эга шаҳс тушунилади.
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
[1] "Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир" (Оли Имрон сураси, 19-оят); "Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим" (Моида сураси, 3-оят); "У сизларни бундан олдин ва (Қуръон)да Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса, одамларга гувоҳлар бўлишингиз учун мусулмонлар деб номлади" (Ҳаж сураси, 78-оят).