Бухоро шаҳридаги «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жоме масжидида навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан амалга оширилди.
Учрашувда имом-хатиб Ориф домла Тўқсонов иштирок этиб, гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган фуқаролар билан яқиндан мулоқот қилди. Навбатдаги суҳбат «Йўллардан тўғри фойдаланиш — одоб ва масъулиятдир» мавзусига бағишланди. Имом-хатиб ўз маърузасида ислом динида йўл ҳаққи, жамоат жойларида ўзини тутиш одоблари ва атрофдагиларга озор бермасликнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчилар ақида, фиқҳ ва ижтимоий ҳаётга оид ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Мулоқот жараёни маълумотларнинг тўлақонли ва тушунарли етиб боришини таъминлаш мақсадида малакали сурдо таржимон ҳамроҳлигида олиб борилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эҳсонлар улашилди. Бу каби тадбирлар жамиятда ижтимоий кўмакка муҳтож қатламнинг диний ва маърифий билимларини ошириш, уларни маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейин турадиган энг ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сананинг бошланиш ойидир. Динимизда бу ой уруш ҳаром қилинган ойлардан бири ҳисобланади. Ашуро куни эса муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз", деди.
Шунда у зот: "Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилади", деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).