Бухоро шаҳридаги «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жоме масжидида навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан амалга оширилди.
Учрашувда имом-хатиб Ориф домла Тўқсонов иштирок этиб, гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган фуқаролар билан яқиндан мулоқот қилди. Навбатдаги суҳбат «Йўллардан тўғри фойдаланиш — одоб ва масъулиятдир» мавзусига бағишланди. Имом-хатиб ўз маърузасида ислом динида йўл ҳаққи, жамоат жойларида ўзини тутиш одоблари ва атрофдагиларга озор бермасликнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчилар ақида, фиқҳ ва ижтимоий ҳаётга оид ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Мулоқот жараёни маълумотларнинг тўлақонли ва тушунарли етиб боришини таъминлаш мақсадида малакали сурдо таржимон ҳамроҳлигида олиб борилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эҳсонлар улашилди. Бу каби тадбирлар жамиятда ижтимоий кўмакка муҳтож қатламнинг диний ва маърифий билимларини ошириш, уларни маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу сизга изтиробларни синдириш, муваффақият томон юриш, дўстликни сақлаш ва оилада бахтиёр бўлишга ёрдам беради. Чунки дунёқараши кенг инсон бошқаларнинг табиатларини тушунадиган, ўзгаришлар қилишга қодир, ўзини бошқалар ўрнига қўйиб кўрадиган ва вазиятларга ўз ҳолича баҳо бера оладиган инсон бўлади.
Дунёқараши кенг инсон турли ишларни аъло даражада тушунади, бошига бирор қийинчилик тушган ёки ўзи орзу қилган нарса амалга ошмай қолган вақтда ҳаёт табиатини, унда кам-кўстсиз маза қилиб яшаётган инсон йўқлиги ҳамда гоҳида инсон ёмон кўрган нарсасида яхшилик бўлиши ва гоҳида эса яхши кўрган нарсасида ёмонлик бўлиши мумкинлигини, яхшилик Аллоҳ ирода этган нарсада эканини яхши англайди.
Дунёқараши кенг инсон ушбу кенг борлиқнинг бир парчаси эканини, бу борлиқнинг аламлари ва шодликларидан унга бир насиба борлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам оғир зарбалардан довдираб қолмайди. Дунёқараши тор инсон эса бу ёмонлик ёки мушкул иш унгагина етган, ўзини доим зулм қилинадиган ва унга доим ёмонлик етадиган инсон деб ҳис қилади. Дунёқараши кенг инсон эса бундай нарсаларни ҳис қилмайди, бор кучини энг яхши нарсага эришишга сарф этади ва ўзига берилган нарсага рози бўлади.
Шуъла: Бугун бахтиёр бўлинг, эртага эмас!
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан