Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дунёда ҳеч нарса абадий эмас,
Сизга етган зарар-да кўп қололмас.
Ҳаётингизга яхшилик умиди билан боқинг. Чунки ҳаёт Аллоҳнинг сизга берган ҳадяси, ушбу улуғ ҳадяни хурсандчилик ила қабул қилинг. Порлоқ тонгни гўзал табассуми, тунни сокинлиги, кундузни буюклиги ва зиёси билан қарши олинг. Тоза сувдан шукр қилиб фойдаланинг, ҳаводан сурур ила нафас олинг, гулни тасбеҳ айтиб ҳидланг ва коинот ҳақида тафаккур қилинг.
Атрофингиздаги гўзалликни гуллар боғламида, атиргулнинг чиройи, шабада эсиши, боғларнинг хушбўй иси, қуёшнинг илиқлиги ва тўлин ойнинг зиёсидан топа олинг. Ушбу неъмат ва тортиқларни Аллоҳга ибодат этишда ўзингизга қувват заҳираси қилинг, У Зотга шукр қилиб, ҳамду сано айтинг.
Сизни тушкунликнинг қўрқинчли тушлари ва ғам-ташвиш қўшинлари ушбу неъматларни кўришдан тўсиб қолиши, сўнгра сиз неъматларни инкор этадиган бўлиб қолишингиздан сақланинг. Шуни билингки, бандаларга ризқ берувчи Зот ушбу неъматларни Унинг тоатига қувват олишга сарфлаш учун яратган. У зот айтади:
﴿يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ﴾
“Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман” (Мўминун сураси, 51-оят).
Шуъла: Сахийликнинг энг пок ва энг афзали ҳеч нарсага эга бўлмаган, лекин таббасум ва ширин сўзнинг қадрига борадиганларда бўлади. Қанчадан-қанча қанча инсонлар инфоқ-эҳсон қилишади, лекин уларнинг қилган яхшиликлари худди юзга ургандек бўлади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2026 йил учун обуна мавсумида фаол иштирок этиб, нашрларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган имом-хатиблар ва масъулларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Shamsuddinxon Boboxonov» нашриёт-матбаа ижодий уйи вакиллари — Даврий нашрлар бўлими бошлиғи Иброҳим Иномов ҳамда бош муҳаррир Абдужалил Ҳўжамов иштирок этдилар.
Тадбир давомида диний-маърифий нашрларнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, уларни кенг оммага етказишда имом-хатиблар ҳамда масъулларнинг вазифалари ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Тадбир якунида обуна жараёнларида фаол иштирок этган бир гуруҳ имом-хатиблар ва масъулларга ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.