Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Уйим билан минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ бор. Минбарим эса, ҳавзи кавсарим устидадир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Фойда: Жаннат боғида, яъни Расулуллоҳ минбари олдида намоз ўқиш билан жаннат боғи ва ҳавзи кавсардан ичиш насиб бўлади.
Савол: Аёллар намозда сажда қилганида оёқ бармоқлари учи қиблага қараб туриши керакми ёки йўқми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фақиҳларимиз намоз ўқишда аёл ва эркак ҳолатларининг фарқли жиҳатларини баён қилиб берганлар. Масалан, аёллар намозни эркаклар каби овоз чиқариб ўқимайди, рукуда ҳам эркаклардек белини тўлиқ букмайди ва тиззаларини тик тутмайди ва ҳоказо.
Саволда сўралган саждадаги ҳолатга келсак, эркаклар оёқларини тик қилиб, бармоқларини қиблага қаратиб турадилар. Аёллар эса, оёқларини тик қилмайдилар, балки оёқ бармоқларининг уст томонини ерга қўйиб, сажда қиладилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.