Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
1. Аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ сллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.
2. Аксирганда овозини пасайтириш.
Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
3. Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.
Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
4. Аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш. Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўсимликлар бир жойдан, бир хил озуқадан озиқланса ҳам мевалари турлича бўлади. Яъни, ҳар бир ўсимлик ўғитлардан ўзига мос озуқаларни ажратиб олади. Шунинг учун бир жойда ўсган ўсимликларни кўрсангиз бирининг меваси ширин бўлса, бошқасиники нордон бўлади, бириники катта бўлса, бошқасининг меваси кичкина бўлади. Ҳатто рангларида ҳам турли-туманликни кўришимиз мумкин. Бунақа мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Бироқ шу ўринда Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримасини келтириш айни муддао бўлса керак:
﴿وَفِي الْأَرْضِ قِطَعٌ مُتَجَاوِرَاتٌ وَجَنَّاتٌ مِنْ أَعْنَابٍ وَزَرْعٌ وَنَخِيلٌ صِنْوَانٌ وَغَيْرُ صِنْوَانٍ يُسْقَى بِمَاءٍ وَاحِدٍ وَنُفَضِّلُ بَعْضَهَا عَلَى بَعْضٍ فِي الْأُكُلِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ﴾
“Ва ер юзида қўшни бўлаклар бор. Шунингдек, узумлар, боғлар, экинзорлар, шохлаган ва шохламаган хурмозорлар бўлиб, бир хил сув ила суғориладилар ва уларнинг баъзиларининг мевасини бошқасидан афзал қилурмиз. Бунда албатта ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Раъд сураси, 4-оят).
Биз ер юзида юриб ана шунча мўжизаларни кўрамиз-у, шунда ҳам Аллоҳнинг борлигига қани далил деб сўрайверамиз. Ана шундай кимсалар ҳақида Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси бор: “Уларга Роббиларининг оятларидан бири келса юз ўгирурлар” (Анъом сураси, 4-оят).
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан