Маккаи мукаррама шаҳрига етиб келган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари “Ҳаж–2026” ишчи гуруҳи раҳбари – Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда бошқа мутасаддилар томонидан самимий ва юксак эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” меҳмонхонасида илиқ муҳитда қарши олиниб, замзам суви, хурмо, ширинликлар, гуллар ҳамда эсдалик совғалари билан хушнуд этилди.
Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган зиёратчиларимиз Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, мазкур меҳр-эътиборни нафақат юртимизда, балки муқаддас Макка заминида ҳам ҳис этаётганларини таъкидладилар.
Шунингдек, меҳмонхонага жойлашган зиёратчилар моҳир ошпазлар томонидан тайёрланган лаззатли таомлардан баҳраманд бўлдилар.
Шундан сўнг таматту ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалларини адо этишга киришдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Менга мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам ҳаж сафарига келиш насиб этган эди. Ўша пайтлардаги шароит билан бугунги имкониятларни солиштирсам, ростдан ҳам ер билан осмонча фарқ бор. У вақтларда хизмат кўрсатиш, жойлашиш ва ташкилий ишлар анча қийин кечарди.
Бугун эса ҳожилар учун барча қулайликлар яратилган, кексаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ҳожиларга эътибор юқори даражага чиқибди. Буни юртимиз аэропортидаёқ ҳис қилдим. Хизмат кўрсатиш жуда тартибли, сифатли ташкил этилибди. Бугунги имкониятларнинг қиёси йўқ!
Кўзимда ёш билан Мадинаи мунавварага, Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларига кириб бордим. Маккаи мукаррамада ҳам ибодатларимизни кўнглимиз тўқ, хотиржам адо этяпмиз.
Биз кексаларнинг тилларимизда фақат дуо: илоҳим, юртимизда мана шундай кенг имконият ва юксак эътиборни таъминлаб бераётган муҳтарам Президентимиз соғ-саломат бўлсинлар, эл-юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги ишларида Аллоҳ ёр бўлсин».
Нўмонжон ШОКИРОВ,
Тошкент шаҳри