Маккаи мукаррама шаҳрига етиб келган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари “Ҳаж–2026” ишчи гуруҳи раҳбари – Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда бошқа мутасаддилар томонидан самимий ва юксак эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” меҳмонхонасида илиқ муҳитда қарши олиниб, замзам суви, хурмо, ширинликлар, гуллар ҳамда эсдалик совғалари билан хушнуд этилди.
Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган зиёратчиларимиз Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, мазкур меҳр-эътиборни нафақат юртимизда, балки муқаддас Макка заминида ҳам ҳис этаётганларини таъкидладилар.
Шунингдек, меҳмонхонага жойлашган зиёратчилар моҳир ошпазлар томонидан тайёрланган лаззатли таомлардан баҳраманд бўлдилар.
Шундан сўнг таматту ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалларини адо этишга киришдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати