Юртимизда миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат кўрсатиш, муқаддас қадамжоларни обод этиш ҳамда аҳоли учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасидаги хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, "9 май — Хотира ва қадрлаш куни" ҳамда яқинлашиб келаётган муборак Қурбон ҳайити байрами муносабати билан 2026 йил 7 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги тасарруфидаги масжидлар, зиёратгоҳлар ва қабристонларда умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ташкил этилди.
«Поклик — иймоннинг ярмидир» деган ҳадиси шариф мазмунига мувофиқ равишда ўтказилган ушбу тадбирда диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар ва маҳалла фаоллари фаол иштирок этиб, хонақоҳлар, таҳоратхоналар ҳамда зиёратгоҳлар ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширдилар.
Бу каби эзгу тадбирлар атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш билан бирга, жамиятда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати