Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Абу Лаҳаб нега иймон келтира олмади?

07.05.2026   14772   2 min.
Абу Лаҳаб нега иймон келтира олмади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

﴿تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ سَيَصْلَى نَارًا ذَاتَ لَهَبٍ وَامْرَأَتُهُ حَمَّالَةَ الْحَطَبِ فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِنْ مَسَدٍ﴾

“Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок! Унга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермади. У тезда чўғи қизиб турган оловга кирадир. Ва унинг ўтин кўтарган хотини ҳам. Унинг бўйнида эшилган арқон” (Масад сураси).

Ушбу сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Лаҳаб ҳақида нозил бўлган. У Аллоҳга иймон келтирмаган, Ислом динига душманлардан эди. Ушбу сура Абу Лаҳабнинг тириклик вақтида нозил бўлган. Ўша пайтда Маккада бошқа кофирлар ҳам кўп эди. Бошқалар ҳидоят топиб мусулмон бўлдилар. Абу Лаҳаб ҳам улар каби иймон келтириши мумкин эди. Лекин агар у иймон келтирганида ҳақиқат юзага чиқмасди.

Нега? Чунки Аллоҳ таоло унинг кофир бўлиб ўлишини, жаҳаннамга киришини эълон қилиб бўлди. Агар у ёлғондан “иймон келтирдим” деб айтиб қўйганида ҳам мусулмонларни мот қилган бўларди. Бироқ илоҳий амр бунга тўсқинлик қилди. У ҳатто ёлғондан бўлса ҳам иймон калимасини айта олмади. Чунки Абу Лаҳабнинг ихтиёри мутлоқ, ҳақиқий маънода эркин эмас эди, худди бошқаларники каби.

Хўш, Абу Лаҳаб одамларни тўплаб: “Муҳаммад ўзича пайғамбарман деяпти. Унга осмондан ваҳий келаётган эмиш, айтишича мен кофир бўлар эканман. Лекин ҳаммангизнинг олдингизда мен шаҳодат калимасини айтаман ва уни мот қиламан” деганида нима бўларди?

Лекин ундай бўлмади. Ундай қилиш Абу Лаҳабнинг ҳатто хаёлига ҳам келмади. Бу Аллоҳнинг иродаси, ҳукми ҳар нарсадан устун эканлигига очиқ-ойдин далил эмасми?! Исломнинг энг катта душманига динни шарманда қилиш имконияти берилди ахир! Хоҳлаганида шарманда қилиши мумкин эди. Аммо, Аллоҳ унинг хоҳлашини ҳам истамади.

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Маккада Қуръони карим бўйича халқаро мусобақа бошланди

07.08.2026   31952   1 min.
Маккада Қуръони карим бўйича халқаро мусобақа бошланди

Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.

ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.

Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.

Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."

Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.

Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:

Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари