Бизга ризқ берувчи Зот Аллоҳдир, лекин У ризқни тўғридан-тўғри оғзимизга ёки қучоғимизга ташлаб қўймайди. Бизнинг вазифамиз — ҳаракат қилиш, Аллоҳнинг иши эса — муваффақ қилиш (тавфиқ бериш)дир.
«Унинг (ернинг) турли жойларида юринглар ва Унинг ризқидан енглар» (Мулк сураси, 15-оят).
Ҳатто сурункали ва оғир дардга чалинган Айюб алайҳиссаломга ҳам Роббиси бундай деган эди:
«Оёғинг билан (ерни) теп! Мана бу чўмиладиган муздек сув ва ичимликдир» (Сод сураси, 42-оят).
Ҳатто тўлғоқ азобида турган Биби Марямга ҳам Аллоҳ таоло:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит, у сенга янги пишган хурмоларни тўкади», — деди (Марям сураси, 25-оят).
Пок ва Муқаддас Зот хурмони унинг қучоғига шунчаки ташлаб қўймади. Балки энг қийин лаҳзада — тўлғоқ азобида бўлишига қарамай, унга:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит», — деб буюрди.
Демак, ҳаракат қилиш ва интилиш — матлубдир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти