Бугун, 7 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков тизимда фаолият юритаётган ёш мутахассислар билан дилдан суҳбат қурди.
Мулоқот аввалида Ҳомиджон домла юртимизда ёшларнинг билим олиши ва касбий юксалиши учун яратилган имкониятларга тўхталиб, Диний идорада ҳам ёш мутахассисларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча шароитлар муҳайё эканини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Идоранинг шонли тарихига назар ташлаб, 1943 йилда "Бароқхон" мадрасасида бошланган фаолият 2007 йилда "Ҳазрати Имом" мажмуасига, 2026 йилга келиб эса муҳташам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг янги биносига кўчганини сўзлаб берди.
Суҳбат давомида бугунги тинчлик ва тараққиёт аждодларимизнинг дуолари ва меҳнатлари самараси экани таъкидланди. Шунингдек, Диний идора нафақат юртимизда, балки қўшни давлатларда ҳам юксак эҳтиром билан тилга олинадиган даргоҳ бўлиб, бу ерда фаолият юритган улуғ уламоларнинг хизмати беқиёс экани эътироф қилинди.
Ҳомиджон домла ёшларни уларга насиб этган мана шундай беқиёс имкониятлардан оқилона фойдаланишга, ўз билим ва малакаларини тинимсиз ошириб, дин ва миллат ривожи учун бор куч-ғайратини сарфлашга чақирди.
Учрашув якунида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда маърифат зиёси янада кенг ёйилишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати