#imom #taqvo #ilm
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ обид, зоҳид ва тақводор зот эдилар. Фатво, фиқҳ каби кўплаб вазифалари бўлишига қарамай, Қуръондан вирдлари бор эди.
У зот кундузи илм ва фатво билан банд бўлсалар-да, тунда Қуръон хатм қилар, айрим оятларни тонггача такрорлаб чиқардилар.
Қосим ибн Маън ривоят қилади: "Абу Ҳанифа бир кеча то тонггача Қамар сурасидаги: "Ҳа, уларга ваъда қилинган вақт соатдир. Ва у соат офатлироқ ва аччиқроқдир" оятини йиғлаб, тазарру билан такрорлаб чиқдилар".
Олимлардан бири айтади: "Абу Ҳанифани кун бўйи одамлар орасида илм билан ўтирганини кўриб: "Бу киши қачон ибодатга вақт топади?" деб ҳайрон бўлдим. Уни кузатсам, одамлар билан хуфтонни ўқиб уйига кирди, ҳамма тарқалгач, масжидга чиқиб то тонггача намоз ўқиди. Бир неча кеча кузатдим, бу унинг доимий одати экан".
Аллоҳ имом Абу Ҳанифани ўз раҳматига олсин! У зот ҳижрий 150 йилда вафот этдилар. Одамларнинг кўплигидан Бағдодда жанозалари 6 марта ўқилди.
Манба
Бугун, 17 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида "Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда UNESCOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Бахтиёр Намозов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов қатнашди.
Шунингдек, АҚШ, Швеция, Саудия Арабистони, Россия, Қозоғистон, Германия, Қирғизистон ва Ҳиндистон каби қатор давлатлардан хорижий мутахассислар, дипломатик корпус вакиллари, диншунос-экспертлар, исломшунослар, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, диний конфессия етакчилари ва миллий маданий марказлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.
Халқаро тадбир аввалида соҳа раҳбарларининг табриклари иштирокчиларга етказилди. Конференция давомида Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, анжуман иштирокчиларига Муфтий ҳазратларининг саломларини етказди. Нотиқ ўз маърузасида Ислом динининг моҳиятида бағрикенглик, меҳр-оқибат, адолат ва инсонийлик ғоялари мужассам эканини Қуръони карим оятлари ҳамда ҳадиси шарифлар асосида кенг тушунтириб берди. Шунингдек, юртимиз қадимдан турли миллат ва дин вакиллари тинч-тотув яшаган бағрикенглик маскани эканини таъкидлаб, бугунги кунда ёшларда соғлом диний дунёқараш ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, мутаассиблик ва ёт ғояларга қарши фақат маърифат билан курашиш энг муҳим вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратди.
Сўзга чиққан бошқа нотиқлар томонидан динлараро мулоқот ва бағрикенгликни таъминлашда Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси, конфессиялараро ҳамда маданиятлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим ва маърифатнинг жамиятда тотувлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрни алоҳида эътироф этилди.
Очилиш маросимидан сўнг конференция ўз ишини учта шўъбада давом эттирди. Ҳар бир шўъбада диний бағрикенглик, ижтимоий барқарорлик, таълим ва маънавий-маърифий жараёнларга оид долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати