1. Ниятни тўғрилаш, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш.
2. Таҳоратли бўлиш.
3. Дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйлаш.
4. Зиёратгоҳда виқор билан сокин юриш.
5. Қабр аҳлига бундай салом бериш:
“Ассаламу алайкум, йа аййуҳал-қубур. Йағфируллоҳу лана ва лукум, антум салафуна ва наҳну бил-асар”
“Ассалому алайкум, эй қабр аҳли! Аллоҳ бизни ва сизларни мағфират этсин. Сизлар биздан олдин келгансиз, биз ҳам сизнинг ортингиздан келамиз”.
6. Қабрни сийпаш, ўпиш ва айланиб тавоф қилишдан узоқ бўлиш.
7. “Ёсин” сурасини ўқиш.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг”, деганлар.
Шунингдек, Фотиҳа сураси, Бақара сурасининг дастлабки беш ояти, “Оятул-Курсий”ни, “Аманар-расул”ни, “Мулк”, “Такаасур” сураларини, “Фалақ”, “Наас”ни уч мартадан ва “Ихлос” сурасини уч, етти ёки ун бир марта ўқиш мумкин.
8. Марҳумнинг яхши сифатларини эслаш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
9. Қабрни босмаслик. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир. Қабр устидан ёки қабристон ичидан ўтишга зарур туғилса, тасбеҳ, таҳлил, такбир, дуо ва истиғфор айтиб ўтиш.
10. Зиёратдан ваъз-насиҳат олиш.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни уй ва ҳовлиларни озода тутишга, чиқинди ва ахлатларни тўплаб қўймасликка чақирганлар. У зот алайҳиссалом бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни суядир. Озодадир, озодаликни суядир. Карамлидир, карамни суядир. Сахийдир, сахийликни суядир. Шундай экан, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!” (Имом Термизий ривояти).
Уйда ахлат тўплаб қўйиш нафақат диний, балки тиббий ва психологик жиҳатдан ҳам катта зарарларга эга. Чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб ташламаслик уй муҳити ва инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради.
Тўпланган ахлат сувараклар, пашшалар, сичқон ва каламушларни ўзига тортади. Улар вабо, тиф ва дизентерия каби хавфли инфекцияларни ташийди.
Озиқ-овқат қолдиқлари тез чирийди. Натижада ҳавода кўзга кўринмас замбуруғ споралари кўпайиб, аллергия ва астмани қўзғатади.
Чириш жараёнида аммиак ва водород сулфид каби газлар ажралади. Бу газлар бош оғриғи, кўнгил айниши ва нафас қисишига сабаб бўлади.
Бетартиб ва ахлат тўла уйда яшаш инсон миясини толиқтиради. Бу доимий стресс, асабийлик ва сурункали чарчоқни келтириб чиқаради.
Ифлосланган ҳаво ва тартибсизлик одамнинг иш қобилиятини пасайтиради. Диққатни бир жойга жамлаш қийинлашади.
Даврон НУРМУҲАММАД