Бу йилги ҳаж сафари юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳожиларимиз учун барча ташкилий масалалар пухта йўлга қўйилган. Сафардан тортиб жойлашиш, овқатланиш, транспорт ва тиббий хизматгача бўлган барча жараёнлар тизимли ташкил этилгани сабабли зиёратчиларимиз хотиржам ҳолда ибодатларини адо этишяпти.
Айниқса, кексалар ва эҳтиёжманд ҳожиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик алоҳида таҳсинга лойиқ. Ҳар бир ҳожининг кайфияти кўтаринки, руҳияти тетик. Уларнинг чеҳраларида мамнуният ва шукроналикни кўриш мумкин.
Шу билан бирга, сафар давомида ҳожиларимиз учун мунтазам маърифий суҳбатлар, диний-маърифий учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу суҳбатларда ҳаж ибодатининг мазмун-моҳияти, одоб-ахлоқ масалалари, юрт тинчлиги ва қадриятларимиз ҳақида фикр алмашилмоқда. Бу эса зиёратчиларимизнинг маънавий оламини янада бойитишга хизмат қилмоқда.
Ҳожиларимиз юртимизда яратилаётган имкониятлар ва муқаддас сафар учун кўрсатилаётган юксак эътибордан мамнун ҳолда, халқимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи ва юртбошимиз ҳақларига самимий дуолар қилишмоқда.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати