Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Сентябр, 2026   |   24 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:32
Қуёш
05:54
Пешин
12:21
Аср
16:55
Шом
18:52
Хуфтон
20:09
Bismillah
06 Сентябр, 2026, 24 Рабиъул аввал, 1448

Ўзбекистон халқига байрам табриги

09.05.2026   31347   5 min.
Ўзбекистон халқига байрам табриги

Қадрли ватандошлар!

Сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 81 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу унутилмас кунда, аввало, жанг майдонларида тенгсиз жасорат кўрсатиб, инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон ота-боболаримизнинг сўнмас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қиламиз. Бугунги кунда орамизда соғ-омон яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимизга юксак эҳтиромимизни изҳор этамиз.

Мустақиллик йилларида Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида мардларча ҳалок бўлган азму шижоатли ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини меҳр ва ҳурмат билан ёдга оламиз.

Муҳтарам дўстлар!

Эл-юртимиз фашизмга қарши курашда дунёдаги барча тинчликсевар халқлар билан бир сафда туриб, буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Тарихий маълумотларга кўра, фашизмга қарши урушда ўша даврда 6 миллион 800 минг кишидан иборат бўлган республикамиз аҳолисининг 1 миллион 950 минг нафари иштирок этган.

Шундан ярим миллиондан зиёд киши жанг майдонларида ҳалок бўлиб, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган, 60 минг нафардан ортиқ ватандошимиз эса ногирон бўлиб қайтган. Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, бу аянчли рақамлар қалбларимизни ҳали ҳам изтиробга солади.

Уруш даврида 214 минг нафар ўзбекистонлик аскар ва офицерлар жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган бўлса, уларнинг 301 нафари энг олий нишон – Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, 70 нафар юртдошимиз эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган.

Ўша оловли йилларда халқимиз “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!” деб кечаю кундуз буюк сафарбарлик руҳи билан яшади. Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Инсонпарварликни буюк қадриятга айлантирган халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллион 500 мингдан ортиқ инсонга, жумладан, ота-онаси ва оиласидан жудо бўлган 250 минг нафар болага бошпана бериб, уларга меҳр-оқибат кўрсатди.

Қадрли юртдошлар!

Ғолиб ва музаффар ота-боболаримизнинг Ватанимиз озодлиги ва халқимиз осойишталиги ҳимояси йўлидаги ибратли фаолиятини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўйича биз кўплаб ишларни амалга оширмоқдамиз. Айниқса, кейинги йилларда Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғи ҳамда унинг таркибидаги “Хотира нури” ва “Миллат фидойилари” ёдгорлик комплекслари халқимиз учун табаррук масканларга айланиб бормоқда.

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, хусусан, уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлом ва мазмунли ҳаёт кечиришлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 30 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари берилганини таъкидлаш лозим. Уруш қатнашчилари ва ногиронлари, меҳнат фахрийларининг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни санаторийлар, дам олиш масканларига бепул ва имтиёзли асосда юбориш бўйича самарали тизим фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу мунаввар айём кунларида жойлардаги ҳокимликлар, жамоатчилик ва ёшлар вакиллари уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларида бўлиб, оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиб, уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз бўйлаб “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида хотира маросимлари, маданий тадбирлар, уч авлод учрашувлари, оммавий спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Қадрли юртдошлар!

Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда.

Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир.

Ҳозирги мураккаб даврда Ватанимиз мустақиллигини, халқимиз осойишталигини асраш, иқтисодий қудратимиз, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш, жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда. Ишончим комил, бу борада 81 йил олдин ғалаба байроғини жаҳон узра баланд кўтаришга муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг, халқимизнинг мардлик ва матонат мактаби бизга мададкор куч бўлиб хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, фашизм балосини бартараф этишда жонбозлик кўрсатган қардош халқларни, барча эзгу ниятли инсонларни бугунги шонли байрам билан самимий табриклаб, уларга барқарор тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сизларни, ҳурматли фахрийларимизни, бутун эл-юртимизни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик ва хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Меҳнаткаш ва донишманд халқимиз ҳамиша омон бўлсин!

Эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласин!

Хотира ва қадрлаш айёми барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диний-маърифий тараққиёт ва маънавий юксалишнинг пойдевори

05.09.2026   20780   10 min.
Диний-маърифий тараққиёт ва маънавий юксалишнинг пойдевори

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги - халқимиз тарихидаги энг муҳим ва қадрли саналардан бири. 1991 йилда Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида дунёга танилиши халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятларини тиклаш ва мамлакатни ўз тараққиёт йўлидан олиб бориш имконини берди. Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда кенг кўламли ўзгаришлар рўй бериб, бугун Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.


Мустақиллик йилларида миллий ва диний қадриятларимизни тиклашга алоҳида эътибор берилди. Айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний таълим олиш учун шарт-шароитлар яратиш, диний муассасалар фаолиятини ривожлантириш ва жамиятда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда.


Бугун Ўзбекистонда ислом динининг асл моҳиятини, унинг илм-маърифатга, инсонпарварликка, меҳр-оқибат ва тинчликка даъват этадиган эзгу таълимотларини ўрганишга катта аҳамият берилмоқда. Диний таълим муассасалари фаолияти такомиллаштирилиб, диний кадрлар тайёрлаш ва уларнинг касбий билимини ошириш учун янги имкониятлар яратилмоқда.


Юртимизда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган машҳур алломаларнинг илмий меросини ўрганиш ҳам устувор йўналишлардан бирига айланди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк алломалар асарларини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий меросини ёш авлодга етказиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу ишлар халқимизнинг миллий ғурурини юксалтириш билан бирга, ёшларни илм-фанга, маънавий камолотга интилишга қизиқтиради.


Диний соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши - диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашдир. Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат сифатида турли дин вакилларининг тотув ва осойишта ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратмоқда. Ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат ва тотувлик - юртимиз тинчлиги ва барқарорлигининг муҳим кафолатларидир.


Бугунги глобал ахборот алмашинуви даврида ёш авлодни диний радикализм, экстремизм ва бошқа ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш масаласи ҳам долзарб аҳамиятга эга. Шу муносабат билан мамлакатимизда "Жаҳолатга қарши маърифат" тамойили асосида кенг кўламли маърифий ишлар олиб борилмоқда. Ёшларга диний билимларни тўғри ва илмий асосда ўргатиш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва бошқа халқларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш - бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.


Мустақилликнинг 35 йиллиги - бу босиб ўтган йўлимизга назар ташлаб, эришган ютуқларимизни баҳолаб, келажакка янги мақсадлар билан қадам ташлайдиган қутлуғ санадир. Мустақиллигимиз туфайли бугунги кунга келиб юртимизда 2160 дан зиёд масжид, 14 та ислом таълим муассасаси (4 та олий ва 10 та ўрта махсус) ва 5 та илмий-тадқиқот маркази фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 18 ёшдан юқори бўлган фуқаролари учун Қуръони каримни сифатли ўқишни ўргатадиган ўттизта ўқув курслари очилди. Ушбу курсларда 100 мингдан зиёд фуқароларимиз таълим олмоқда. Яна бу йил очилган Тошкентдаги "Ислом сивилизатсияси маркази," Самарқанддаги "Имом Бухорий мажмуаси" нафақат Ўзбекистон мусулмонлари, балки бутун уммат учун катта неъмат бўлди. Жорий йил 2026 йил Рамазон ойида хайрия тадбирларини ўтказиш учун 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бунинг сабабидан неча минг хонадонга қувонч кириб борди. Яна "Муборак Қурбон ҳайити" муносабати билан хайрия тадбирларини ўтказиш учун яна қарор чиқарилиб, 700 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди.


Диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар жамиятнинг маънавий жиҳатдан ривожланишига, миллий ва диний қадриятларимизнинг сақланишига ҳамда ёш авлоднинг етук инсон бўлиб шаклланишига самарали хизмат қилмоқда.


Мустақиллик - халқимизга ўз тили, тарихи, маданияти, миллий ва диний қадриятларини эркин ўрганиш ва ривожлантириш учун берилган буюк имконият. Шу боис мустақилликни қадрлаш, юртимиздаги тинчлик ва асраш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва Ватан тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш - барчамизнинг умумий бурчимиздир.


Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги халқимизга янги зафарлар, тинчлик, фаровонлик ва маънавий юксалиш олиб келсин! Янги Ўзбекистон тараққиёти, халқимиз бирлиги ва юртимиздаги тинчлик абадий давом этсин!


Барчангизга Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллик байрами билан табриклаймиз!

Баҳромиддин Разов,

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси


"Erkin Qoraqalpog‘iston" газетаси 2026 йил 90-сонидан олинган

***

ҒӘРЕЗСИЗЛИК – ДИНИЙ-МӘРИПИЙ РАЎАЖЛАНЫЎ ҲӘМ МӘНАЎИЙ ЖЕТИЛИСИЎДИҢ ПУНДАМЕНТИ

     Өзбекстан Республикасы мәмлекетлик ғәрезсизлигиниң 35 жыллығы – халқымыздың тарийхындағы ең әҳмийетли ҳәм қәдирли сәне­лердиң бири. 1991-жылы Өзбекстанның ғәрезсиз мәмлекет болып дүньяға танылыўы халқымызға өз тағдирин өзи белгилеў, миллий қәдириятларын қайта тиклеў ҳәм мәмлекетти өз раўажланыў жолы менен алып барыў имканиятын берди. Өткен жыллар даўамында мәмлекетимизде кең көлемли өзгерислер жүзеге асып, бүгин Жаңа Өзбекстанды қурыў жолында избе-из реформалар алып барылып атыр.

    
Ғәрезсизлик жылларында миллий ҳәм диний қәдириятларымызды қайта тиклеўге айрықша итибар берилди. Әсиресе, соңғы жылларда диний-мәрипий тараўдағы реформалар жаңа басқышқа көтерилди. Пуқаралардың ҳүждан еркинлигин тәмийинлеў, диний билим алыў ушын шәраятлар жаратыў, диний мәкемелердиң хызметин раўажландырыў ҳәм жәмийетте диний кеңпейилликти беккемлеў бойынша әҳмийетли жумыслар әмелге асырылып атыр.


     Бүгин Өзбекстанда ислам дининиң ҳақыйқый мәнисин, оның илим-билимге, адамгершиликке, меҳир-ақыбетке ҳәм тынышлыққа шақыратуғын ийги тәлиматларын үйрениўге үлкен әҳмийет берилип атыр. Диний билим бериў мәкемелериниң хызмети жетилистирилип, диний кадрларды таярлаў ҳәм олардың кәсиплик билимин арттырыў ушын жаңа имканиятлар жаратылып атыр.


     Елимизде ислам дининиң раўажланыўына үлкен үлес қосқан атақлы алымлардың илимий мийрасын үйрениў де баслы бағдарлардың бирине айланды. Имам Бухарий, Имам Термизий, Имам Матуридий, Бурҳаниддин Марғинаний сыяқлы уллы алымлардың шығармаларын терең үйрениў, олардың илимий мийрасын жас әўладқа жеткериў ҳәм халық аралық дәрежеде кеңнен танытыў бойынша көплеген илажлар әмелге асырылып атыр. Бул жумыслар халқымыздың миллий мақтанышын арттырыў менен бирге, жасларды илим-билимге ҳәм мәнаўий кәмиликке умтылыўға қызықтырады.


     Диний тараўдағы реформалардың және бир әҳмийетли бағдары – диний кеңпейиллик ҳәм конфессиялар аралық татыўлықты тәмийинлеў болып табылады. Өзбекстан көп миллетли ҳәм көп конфессиялы мәмлекет сыпатында түрли дин ўәкиллериниң татыў ҳәм тыныш турмыс кешириўи ушын зәрүрли шараятларды жаратып атыр. Өз-ара ҳүрмет, сабырлылық ҳәм татыўлық – ели­миздиң тынышлығы ҳәм турақлылығының әҳмийетли кепилликлери болып табылады.


     Бүгинги глобал хабар алмасыў дәўиринде жас әўладты диний радикализм, экстремизм ҳәм басқа да жат идеялардың тәсиринен қорғаў мәселеси де айрықша әҳмийетке ийе. Усыған байланыслы мәмлекетимизде «Жәҳәлатқа қарсы мәрифат» принципи тийкарында кең көлемли ағартыўшылық жумыслары алып барылып атыр. Жасларға диний билимлерди дурыс ҳәм илимий тийкарда үйретиў, оларда миллий қәдириятларға ҳүрмет, Ўатанға сүйиспеншилик ҳәм басқа халықларға ҳүрмет сезимлерин қәлиплестириў – бүгинги күнниң әҳмийетли ўазыйпаларынан бири.


     Ғәрезсизликтиң 35 жыллығы – бул өткен жолымызға көз жуўыртып, жетискенликлеримизди баҳалап, келешекке жаңа мақсетлер менен қәдем таслайтуғын қутлы сәне болып табылады. Ғәрезсизлигимиз себепли бүгинги күнге келип елимизде 2160тан аслам мешит, 14 ислам тәлим орынлары (4 жоқары ҳәм 10 орта арнаўлы) ҳәм 5 илимий-иззертлеў орайлары жумыс алып барып атыр. Және Өзбекстанның 18 жастан жоқары болған пуқаралары ушын Қураны кәриймди сапалы оқыўды үйрететуғын отыз оқыў курслары ашылды. Бул курсларда 100 мыңнан аслам пуқараларымыз тәлим алып атыр. Және быйыл ашылған Ташкенттеги «Ислам цивилизация орайы», Самарқанддағы «Имам Бухарий комплекси» тек ғана Өзбекстан мусылманлары ушын емес, пүткил үммет ушын үлкен неъмат болды. Быйылғы 2026-жылғы Рамазан айында қайырхомлық илажларын өткериў ушын 1 триллион артық қаржы ажыратылды. Буның себебинен нешше мың шаңараққа қуўаныш кирип барды. Және «Мүбәрек Қурбан ҳайыты» мүнәсибети менен қайырхомлық иләжларын өткериў ушын және қарар шығарылды ҳәм 700 миллиард сўмға жақын қаржы ажыратылды.


     Диний-мәрипий тараўда әмелге асырылып атырған бундай реформалар жәмийеттиң мәнаўий тәрептен раўажланыўына, миллий ҳәм диний қәдириятларымыздың сақланыўына ҳәм жас әўладтың жетик инсан болып қәлиплесиўине нәтийжели хызмет етип атыр.


     Ғәрезсизлик — халқымызға өз тилин, тарийхын, мәдениятын, миллий ҳәм диний қәдириятларын еркин үйрениў ҳәм раўажландырыў ушын берилген уллы мүмкиншилик. Сол себепли ғәрезсизликти қәдирлеў, елимиздеги тынышлық ҳәм татыўлықты сақлаў, реформаларды қоллап-қуўатлаў ҳәм Ўатан раўажланыўына өз үлесимизди қосыў — бәршемиздиң биргеликтеги ўазыйпамыз.


     Ғәрезсизлигимиздиң 35 жыллығы халқымызға жаңа жеңислер, тынышлық, пәраўанлық ҳәм мәнаўий илгерилеў алып келсин! Жаңа Өзбекстанның раўажланыўы, халқымыздың бирлиги ҳәм ели­миздеги тынышлық мәңги даўам етсин!


Бәршеге Өзбекстан Республикасы Мәмлекетлик Ғәрезсизлик байрамы менен қутлы-мүбәрек болғай…

 

Бахрамаддин Разов, Қарақалпақстан мусылманлары қазыяты қазысы

 

Мақолалар