Роббимиз зикри бирла ғамларингни қув,
Дард оловин устига қуйгин ундан сув.
Агар сиз ҳаётни юз фоиз мукаммал, ҳеч қандай камчиликсиз бўлиши керак деб ўйласангиз хато қиласиз. Бундай мукаммаллик фақатгина жаннатда бўлади. Бу дунёдаги ишлар эса нисбий бўлиб, сиз ўйлаган барча нарса ҳам рўёбга чиқавермайди. Унда сиз турли хил бало ва офатлар, мусибат ва имтиҳонларга дуч келишингиз мумкин. Шундай вақтларда борига шукр қиладиган, йўғига сабр қила оладиган инсон бўлишингиз керак.
Умуман касал бўлмай яшаш, ҳеч қандай қийинчиликсиз бой бўлиш, оғирлиги йўқ саодат, салбий жиҳатлари йўқ эр ва камчиликсиз дўст излаб хаёлингизда идеал оламни орзу қилманг. Барча нарсада камчилик бўлади. Бунинг ўрнига сиз салбий жиҳатлар ва хатолардан кўз юминг, ижобий ва гўзал нарсаларни кўра олинг. Доимо чиройли гумон қилинг, хатоларга узр топишга интилинг. Фақатгина Аллоҳга суянинг, инсонларга суянманг. Улар суянишингиз ва ишингизни топшириб қўйишингизга лойиқ эмас, чунки улар сизга ёрдам қила олишмайди. Аллоҳ таоло айтади:
﴿إِنَّهُمْ لَنْ يُغْنُوا عَنْكَ مِنَ اللَّهِ شَيْئًا﴾
“Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар” (Жосия сураси, 19-оят).
Шуъла: Ҳаётингиз зулматли бўлишига асло рози бўлманг. Нур мавжуд, фақат сиз унинг порлаши учун ёқиш тугмасини босишингиз керак.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати