“Ҳаж – 2026” ишчи гуруҳи раҳбари – Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда маҳаллий мутасаддилар Мино ва Арафот водийларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Гувоҳи бўлиндики, ушбу муборак масканлардаги зиёратчилар учун яратилган шароитлар, қулайликлар ва инфратузилмалар ўтган йилларга нисбатан бир неча баравар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган.
Ўзбекистон томонининг талабларига кўра, зиёратчилар ҳаж кунларида кўп вақт тоат-ибодатда бўладиган Мино водийсидаги чодирлар тўлиқ гипсокартон билан ўралди, ҳар бирига замонавий фреонли кондиционер ўрнатилди ва юклар учун алоҳида токчалар қилинган. Янги чодирлар гиламлар, юмшоқ ўринлар, ёстиқ-чойшаблар, коммунал хизматлар билан таъминланган ва икки қаватли қўшимча ювиниш хоналари ҳам қурилган. Аввалги чодирлар матоси ва марказлашган совутиш тизими жазирама кунларда етарли ҳароратни сақлолмас эди.
Арафот ҳудудидаги ҳар бир чодир иссиқ ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан тўлиқ ўралган ва ёруғлик учун ойналар ўрнатилган. Мазкурларда тўшак, ёстиқ-чойшаблар ва ҳар бир ҳожи учун соябон, санитария-гигиена воситалари жамланмаси тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, мазкур ҳудудларда уч маҳал иссиқ овқат тарқатиш, мунтазам чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳам барча шароитлар ҳозирланган.
Жорий мавсумда чодирлар видеокузатув камералари билан жиҳозланган бўлиб, зарур ҳолларда ҳожиларга тезкор хизмат кўрсатиш, хавфсизликни таъминлаш ва бегона шахсларнинг хатти-ҳаракатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳожилар чодирларда вақтларини ғанимат билиб кўпроқ тоат-ибодатда бўлишлари учун таниқли уламоларнинг суҳбатлари, машҳур қориларнинг қироатларини етказиш мақсадида микрофон ва овоз кучайтиргичлар билан етарли даражада таъминланди.
Таъкидлаш жоизки, мўмин-мусулмонларга янада қулай шарт-шароит ҳозирланиб, бу йилги ҳаж мавсуми сифат, мазмун ва хизматлар жиҳатидан энг юқори даражада бўлишига ҳаракат қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш маркази ходими Қудратуллоҳ Умрзоқовнинг бувиcи Ҳалимахон онанинг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Қудратуллоҳ Умрзоқовга ҳамдардлик билдиради.
Жаноза намози бугун аср намозидан сўнг Андижон шаҳар, Бўстон маҳалласидаги (Адҳам сомса кафеси олдидан кирилади) марҳуманинг хонадонида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси