#xabar #haj2026 #prezident_hojisi
Айни кунларда юртимизда "Ҳаж – 2026" мавсуми қизғин палласига кирди. Ислом динининг бешинчи арконини адо этиш иштиёқида бўлган минглаб ҳамюртларимизни муборак диёрга кузатиш ишлари тизимли равишда юқори даражада амалга оширилмоқда.
Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан эл-юрт корига яраётган, фидоий ва жонкуяр 100 нафар ватандошимизни "Президент ҳожиси" сифатида Ҳаж сафарига жўнатиш ҳақидаги хушхабар бутун мамлакатимиз бўйлаб катта қувонч ва шукроналик билан кутиб олинди.
Шу кунларда ана шундай юксак бахт ва эътирофга мушарраф бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган зиёратчилар Тошкентда юқори даражада кутиб олинмоқда. Тадбирларда мутасадди вакиллар иштирок этмоқда. Хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ушбу зиёратчиларни илиқ сўзлар, эзгу тилаклар ва эсдалик ҳадялари билан қарши олди.
Маълумот ўрнида, улуғ ҳаж ибодати олдидан Тошкентга келган ушбу зиёратчилар учун пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойлар, муқаддас қадамжолар ва табаррук масканларга зиёратлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#xabar #murojaat #qabul
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ ва самимий мулоқотлар фуқароларнинг муаммоларини бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кўплаб масалалар жойида ва ижобий ҳал этилмоқда.
Хусусан, бугун, 1 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Мулоқот давомида имом-хатиблар фаолияти, ҳаж ва умра зиёратлари, диний таълим тизими, оилавий муносабатлар ҳамда моддий ёрдамга оид мурожаатлар кўриб чиқилди.
Қабулда оилавий масалалар юзасидан келганларга шаръий ечимлар ва зарур маслаҳатлар берилган бўлса, моддий ёрдам сўраган фуқароларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Бундай эътибор ва ғамхўрликдан юртдошларимиз мамнунлигини билдиришди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шу каби қабул жараёнлари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари ва жоме масжидларида имом-домлалар томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати