Қатода ибн Диъома[1] исмли олим ҳикоя қилади: “Басра шаҳрида Утба ибн Абон исмли зоҳид, тақводор, маҳзунликда Ҳасан Басрийга ўхшаган, доим рўза тутадиган киши яшаб ўтган бўлиб, унинг Мисвар исмли кекса бир қўшниси бор эди. Қўрқуви қаттиқлигидан Қуръонни тинглашга бардоши етмасди. Агар унинг олдида Қуръондан бир-икки оят ўқилса, қаттиқ қичқириб, бир неча кун ақлини йўқотгандек юрарди. Бир куни унинг ёнига Хасъам қабиласидан бир киши келди. Ёнига ўтиргач, Қуръони каримдаги:
يَوْمَ نَحْشُرُ الْمُتَّقِينَ إِلَى الرَّحْمَنِ وَفْداً
“Тақводорларни Роҳман ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда”
وَنَسُوقُ الْمُجْرِمِينَ إِلَى جَهَنَّمَ وِرْداً
“Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз” (Марям сураси, 85-86-оятлар) оятларини ўқиди. Буни эшитган қария “Мен жиноятчиман. Тақводорлардан эмасман. Эй қори, ҳозир ўқиган оятларни яна ўқи!” деди. Бояги киши оятларни яна ўқиди. Қария баланд овозда бақириб, “Оҳ!” деди-ю, омонатни топширди”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан олинди
[1] Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Қатода ҳақида “Қуръон тафсири ва уламоларнинг турфа хил қарашларининг билимдони эди” деганлар.
#taziya
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Комилжон Раҳимовнинг падари бузруквори Раҳматжон ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Комилжон Раҳимовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz