Бугун, 18 май куни “Ҳаж – 2026” мавсумининг сўнгги гуруҳ зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан муқаддас сафарга кузатилди.
Кузатув маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари масъул вакиллари, таниқли уламолар, соҳа мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Файзли тадбирда зиёратчиларга Ҳаж амалларини бекаму кўст адо этишлари, Ҳақ таолодан юртдошларимизнинг сафарларини бехатар, ибодатларини мақбул айлашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Муборак сафар олдидан мавсумнинг якуний гуруҳлари, хусусан, “Президент ҳожиси” мақомига сазовор бўлган 100 нафар юртдошимизнинг қувонч ва ҳаяжони қалбларни тўлқинлантирди. Уларни кузатаётган яқинлари эса ҳавас билан шундай саодатли кунлар ўзларига ҳам насиб этишини сўрашди.
Бўлғуси ҳожилар кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун Давлат Раҳбари ҳамда ташкилотчиларга самимий миннатдорлик билдирди. Муқаддас заминда Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақи учун дуода бўлишларини таъкидлашди.
Шундай қилиб, “Ҳаж – 2026” мавсумининг сўнгги гуруҳлари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига кўтаринки кайфиятда жўнаб кетди.
Аллоҳ таоло муборак сафарга отланган барча юртдошларимизнинг ҳажларини мабрур айлаб, она-Ватанимизга соғ-саломат қайтишларини насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати