Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Оқил хато қилса – афсусланади, аҳмоқ хато қилса – сафсата сотади.
Бу икки мисра инсон табиати, унинг маънавий даражаси ва ҳаётга муносабатини жуда теран ифода этади. Хато – инсон зотига хос. Аммо уни қандай қабул қилиш ва ундан қандай хулоса чиқариш – ҳар кимнинг ақли ва қалбига боғлиқ.
Ислом таълимотида ҳам хато қилиш айб эмас, балки ундан тавба қилмаслик ва сабоқ олмаслик айб экани таъкидланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покланувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 222-оят).
Бу оятда инсоннинг хатодан қайтиши, афсусланиб, ўзини тузатиши Аллоҳ наздида қадрли экани очиқ баён этилган. Демак, оқил инсон хато қилганда уни тан олади, қалбида надомат туғилади ва тўғри йўлга қайтишга ҳаракат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Барча одам боласи хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшилари – тавба қилувчиларидир” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадис инсоннинг комиллиги хатосизликда эмас, балки хатодан кейинги ҳолатида эканини кўрсатади. Оқил киши ўз айбини тан олиб, уни тузатишга интилса, аҳмоқ эса ўз хатосини оқлаш, ҳатто уни ҳақиқат деб кўрсатишга уринади.
Халқимизда шундай мақол бор: “Айбини билган – донишманд, айбини яширган – нодон”. Бу ҳикматли сўзлар юқоридаги фикрларнинг халқона ифодасидир. Чунки айбини тан олган инсон ўзини тарбия қилиш имконига эга бўлади. Айбини инкор этган эса ўз камчилиги билан яшашда давом этади. Яна бир ҳикматда айтилади: “Нодоннинг тили узун, ақллининг эса йўли узун”. Аҳмоқ инсон кўп гапиради, баҳона топади, сафсата сотади. Аммо оқил инсон ортиқча сўздан қочиб, амал билан ўзини исботлайди.
Хато бу – йиқилиш эмас, балки туриш учун берилган имкониятдир. Оқил инсон ҳар бир хатосини ўқитувчи деб билади. У ўзини таҳлил қилади, камчиликларини англайди ва янада мукаммал бўлишга интилади. Аҳмоқ эса хатосини тан олмасдан, бошқаларни айблаш билан овора бўлади. Шу боис, ҳар биримиз ўз нафсимизни сўроққа тутишни ўрганишимиз лозим. Чунки ҳақиқий камолот – ўз хатоларини тан олиш ва улардан сабоқ чиқаришдадир. Ҳаёт йўлида адашмаслик учун инсонга ақл, виждон ва тавба эшиги берилган. Бу эшикни оча билган инсон – бахтли инсон.
Хулоса қилиб айтганда, оқиллик – хатосизликда эмас, балки хатодан тўғри хулоса чиқаришдадир. Аҳмоқлик эса – хатони тан олмаслик ва уни сафсата билан беркитишдир. Инсонни улуғлайдиган нарса – унинг тавозеси ва ўзини ислоҳ қилишга бўлган интилишидир.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ