Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Май, 2026   |   3 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
04:59
Пешин
12:25
Аср
17:28
Шом
19:44
Хуфтон
21:15
Bismillah
21 Май, 2026, 3 Зулҳижжа, 1447
Янгиликлар

Лондондан олиб келинган ноёб исломий осори-атиқалар намойиш этилди

20.05.2026   5275   2 min.
Лондондан олиб келинган ноёб исломий осори-атиқалар намойиш этилди

18 май — Халқаро музейлар куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ислом цивилизацияси тарихи ва муқаддас масканлар билан боғлиқ ноёб артефактларнинг махсус кўргазма-тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Мазкур тадбир Марказнинг жаҳон ислом меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни кенг жамоатчиликка замонавий форматларда намойиш etish борасида амалга оширилаётган ишларининг амалий ифодаси бўлди.

Кўргазманинг энг муҳим жиҳаатларидан бири — Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида ЕХҲТ ва Лондон полицияси ҳамкорлигида ўтказилган махсус тадбирлар давомида аниқланиб, Ўзбекистонга олиб келинган ноёб маданий бойликларнинг журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали равишда очилганидир.

 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши натижасида бугунги кунгача қарийб 2 мингга яқин маданий бойликлар юртимизга қайтарилган бўлиб, Қурбон ҳайити арафасида халқимизга тақдим этилаётган бу бебаҳо туҳфалар катта маънавий аҳамият касб этмоқда.


Кўргазмада ислом оламининг энг муқаддас масканлари билан боғлиқ, юксак қадриятга эга бўлган нодир ёдгорликлар намойиш этилмоқда. Уларнинг марказий экспонатларидан бири — 1880 йилга мансуб, муқаддас Каъба эшигининг металл иплар билан тикилган тарихий пардаси бўлмиш “Бурқа”дир.

 

Шунингдек, жамоатчилик эътиборига Каъба кисвасининг бир қисми — “Хизом” ҳамда 1900 йилга оид Мадинаи Мунавварадаги Равза мақбараси ёпинчиғи тақдим этилди. Экспозициядан Каъбанинг шимолий қисми томига ўрнатилган зарҳал сув оқизгич — “Мизоб ар-Раҳмон”, “Муҳаммад” ва “Аллоҳ” ёзувлари туширилган бадиий паннолар ҳамда 1793–1795 йилларда кўчирилган, ислом хаттотлик санъатининг нодир намунаси ҳисобланган “Далоил ал-хайрот” ва “Ал-ҳизб ал-аъзам” асарларидан иборат ноёб дуо китоби ҳам ўрин олди.


Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан маданий меросни излаш ва Ватанга қайтариш бўйича қўйилган вазифалар амалда ўз ифодасини топмоқда. Ислом цивилизацияси маркази бу борада муҳим илмий-маърифий маскан сифатида жаҳоннинг турли давлатларидаги аукцион уйлари ва шахсий коллекцияларда сақланаётган юртимизга оид осори-атиқаларни аниқлаш ва сотиб олиш ишларини изчил давом эттирмоқда.

 

Халқаро музейлар куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тақдимот нафақат марказ экспозициясини бойитади, балки халқимизнинг бой тарихи, маънавий мероси ва бағрикенглик анъаналарини кенг тарғиб қилишга, маданий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодга етказиш ҳамда ёшларда тарихга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Лондондан олиб келинган ноёб исломий осори-атиқалар намойиш этилди Лондондан олиб келинган ноёб исломий осори-атиқалар намойиш этилди Лондондан олиб келинган ноёб исломий осори-атиқалар намойиш этилди Лондондан олиб келинган ноёб исломий осори-атиқалар намойиш этилди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

20.05.2026   7877   2 min.
Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришда барча миллий ва диний қадриятларимиз қатори инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган муборак Қурбон ҳайити ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Айниқса, мамлакатимизда ижтимоий давлат барпо этиш, юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик борасида бу байрамнинг безавол анъаналари биз учун куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Қурбон ҳайитини ана шу жараёнларга мос ҳолда муносиб нишонлаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида қарор қиламан:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йилда муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май – чоршанба кунига тўғри келиши ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 27 май Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

(а) Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, Қурбон ҳайитнинг биринчи куни ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилангани;

(б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги “2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–257-сон Фармони билан қуйидагилар қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани:

(i) иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2026 йилнинг 28 май – пайшанба, 29 май – жума кунлари;

(ii) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 30 май – шанба куни.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда, кўтаринки кайфиятда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

4. Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон янгиликлари