Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Май, 2026   |   4 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
04:59
Пешин
12:25
Аср
17:28
Шом
19:45
Хуфтон
21:16
Bismillah
22 Май, 2026, 4 Зулҳижжа, 1447
Янгиликлар

Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди

21.05.2026   9079   2 min.
Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди

Бугун, 21 май куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган юртимиздан етишиб чиққан улуғ аллома Абул Ҳусайн Пешоғарийнинг "Исматул анбиё" асари тақдимотига бағишланган илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимиз илм-фан ва диний-маърифий соҳасининг етакчи олимлари, тадқиқотчилари ҳамда мутахассислари иштирок этди. Жумладан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси витце-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Баҳром Абдуҳалимов, Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидилла Мунавваров қатнашди.


Тақдимотда сўзга чиққан Ҳомиджон домла Ишматбеков иштирокчиларни янги китоб билан табриклаб, бу каби манбаларнинг аҳамияти хусусида сўз юритди. Шунингдек, у киши ўз сўзида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат муҳташам обида, балки юртимиздаги барча диний ва илмий муассасаларни бир нуқтага жамлаган маскан экани, жаҳонга Исломнинг асл инсонпарварлик ва илм-фан моҳиятини кўрсатувчи вазифасини ўтаётгани, шунингдек, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга ва Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.


 Шунингдек, тақдимотнинг асосий маърузачилари сифатида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Абдуллатиф Аллоқулов, Аҳмад Саъд Даманҳурий ҳамда Ихтиёр Абдураҳмонов иштирок этди.

 Мутахассислар ушбу нашр аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш ва уни келажак авлодга етказиш йўлида муҳим қадам бўлишини таъкидлади. Тадбир давомида ушбу асарнинг дунёдаги ягона қўлёзма нусхаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётгани, янги нашр эса милодий 1382 йилда Бухорода кўчирилган ана шу қўлёзма асосида тайёрлангани алоҳида қайд этилди. 

Маълумот ўрнида, мазкур китоб мотуридийшунос олимлар Аҳмад Саъд Даманҳурий ва Ихтиёр Абдураҳмоновнинг илмий изланишлари асосида тайёрланиб, илк бор илмий таҳқиқ қилинган ҳолда китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. Мазкур асар Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан Иорданиянинг нуфузли “Ғоним” нашриётида чоп этилди. 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди Хушхабар: Юртимиздаги ягона нодир қўлёзма китоб ҳолида чоп этилди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Инсон қадрини улуғлаш ва саховатнинг юксак намунаси

22.05.2026   1753   4 min.
Инсон қадрини улуғлаш ва саховатнинг юксак намунаси

Муносабат

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва туб янгиланишлар замирида эзгу мақсад — инсонни улуғлаш, унинг дарду ташвишлари билан яшаш ғояси мужассамдир. Айниқса, диний-маърифий соҳага, миллий ва диний қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган юксак эътибор ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили халқимиз қалбида эртанги кунга бўлган ишончни, Яратганнинг берган неъматларига шукроналик ҳиссини янада мустаҳкамламоқда.

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Олийжаноб, халқчил ва савобли ушбу тамойиллар, айниқса, имон-эътиқод, эзгулик фазилатлари янада жўш урадиган муборак кунларда, қутлуғ Қурбон ҳайити айёми арафасида ўзгача бир тароват ва амалий ифода касб этмоқда.

Давлатимиз Раҳбари томонидан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш юзасидан янги таклифлар тақдимоти билан танишилиб, 690 миллиард сўм маблағ ажратилишини маъқуллаганлари бутун юртдошларимизни янада тўлқинлантириб юборди. Давлат кучи ва эътибори билан ажратилган бу катта маблағнинг айнан "Вақф" фонди ҳисобидан йўналтирилиши бизнинг зиммамизга улкан, шарафли масъулият юклайди. Бу ишонч фонднинг ҳар бир ходимидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ғайрат, фидойилик талаб этади.

Халқнинг омонати бўлган бу маблағларни Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, тўлиқ шаффоф, адолатли ва манзилли тарзда ўз эгаларига етказиш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз. Зеро, бу хайрия ишлари шунчаки кўрсаткичлар учун эмас. Уларнинг замирида минглаб хонадонларга қайта кириб келадиган умид ва қувонч мужассам.

Мазкур маблағлар ҳисобидан оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Бу дегани, 10 минг оиланинг қайта бахтга эришиши, оналар кўзидаги ёшнинг тинишидир. Шунингдек, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари харажатлари, шу жумладан, камида 350 нафар оғир беморда жигар ва буйрак кўчириш амалиёти харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Кўрсатилаётган бу саховатлар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган қаҳрамонларимизнинг 8 минг нафардан зиёд фарзандлари алоҳида эътиборга олиниб, уларнинг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилиши фарзандларимиз бизга омонат, деган улуғ ғоянинг амалий исботидир.

Шу билан бирга, давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзилиши, зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирларининг ўтказилиши байрам шукуҳини ҳар бир хонадонга олиб киради.

Муқаддас ислом динида инсонларга яхшилик қилиш билан бирга, Аллоҳнинг уйларини обод этиш, ўтганларнинг қабрларини зиёратгоҳга айлантириш энг улуғ савобли амаллардан саналади. Давлат раҳбари томонидан кўрсатилган бу галги ғамхўрлик доирасида диний-маърифий соҳа алоҳида эътиборда тутилиб, жойлардаги 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қурилиши, реконструкция қилиниши ва таъмирланиши, шунингдек, қабристонлар обод этилиши ушбу эзгу ишларнинг ниҳоятда гўзал ва узвий давоми бўлди.

Муҳтарам Президентимиз ушбу тадбирларнинг шаффоф ва манзилли ташкил этилиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқларни бердилар.

Ҳадиси шарифда: "Ким бир мўминнинг дунёвий ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло унинг қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилинади. Бугун юртимизда давлат даражасида олиб борилаётган бу тизимли саховат ва мурувват тадбирлари айни шу илоҳий даъватнинг жамиятдаги жонли намунасидир. Тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган юртга мана шундай барака ва хайр-саховат ярашади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди жамоаси мана шундай улуғвор жараёнларда халқимизга хизмат қилиш йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солиб, зиммадаги масъулиятли вазифани юксак ғайрат ва виждон амри билан адо этишга киришган. Зеро, инсон қадри улуғланган юртда ҳамиша барака, тинчлик ва тараққиёт бардавом бўлади. Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз фаровон, муборак айёмлар қутлуғ бўлсин!

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари,

"Вақф" хайрия жамоат фонди раиси

 

МАҚОЛА