Уч кун давомида муборак заминда бўлган ҳамюртларимиз, хусусан, "Президент ҳожилари" Расул алайҳиссалом шаҳри — Мадинаи мунавварада тоат-ибодат ва шукроналик ила вақт ўтказдилар. Зиёратчиларимиз дастлаб Масжидул Набавийда, сўнг Равзаи шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломларини етказишди.
Ишчи гуруҳи ва элликбошилар ҳамроҳлигида юртдошларимиз Мадинадаги табаррук масканларни ҳам зиёрат қилишди. Илк манзил Ислом тарихида машҳур Уҳуд тоғи, кейин биринчи қурилган “Қубо” масжиди бўлди.
Имом-домлалар бўлғуси ҳожиларимиз, жумладан, "Президент ҳожилари"га табаррук жойлар фазилати, бу маконларнинг Ислом тарихида тутган ўрни ва инсонлар руҳий-маънавий оламини янада бойитишдаги ўрни ҳақида гўзал маърузалар қилишди. Шунингдек, ушбу сафардан ҳар ким ибрат олиши лозимлигини таъсирли воқеалар ва ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.
Табаррук қадамжоларда чин ихлос билан эл-юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва фарзандлар бахту камолини сўраб хайрли дуолар қилишди.
Шундан сўнг Мадина шаҳридаги энг сўнгги гуруҳлар зиёратчилари ҳам Макка шаҳри томон йўлга чиқдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати