Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жума куни — мусулмонлар учун энг улуғ ва муборак кундир. Бу кун нафақат ҳафтанинг саййиди, балки гуноҳлар кечирилиши, дуолар қабул қилиниши ва қалблар нурга тўлиши учун берилган илоҳий имкониятдир. Шу боис солиҳ зотлар жумага оддий кундек эмас, байрамдек тайёргарлик кўрганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунининг фазилати ҳақида бундай дедилар: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси — жума кунидир” (Имом Муслим ривояти).
Жумага тайёргарлик ғусл қилиш, покланиш, хушбўйлик сепиш ва эртароқ масжидга бориш билан бошланади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни жунублик ғусли каби ғусл қилса, сўнг биринчи соатда (масжидга) борса, худди туяни қурбон қилгандек бўлади. Иккинчи соатда борган киши қорамол қурбон қилгандек, учинчи соатда борган киши шохдор қўчқор қурбон қилгандек, тўртинчи соатда борган киши товуқ садақа қилгандек, бешинчи соатда борган киши тухум садақа қилгандек бўлади. Имом хутбага чиққач эса, фаришталар зикр тинглаш учун ҳозир бўладилар” (Имом Молик ривояти).
Қандай буюк мукофот! Масжидга эртароқ қадам ташлаш оддий амал эмас, балки қурбонлик савобига тенг амал экани билдирилмоқда.
Жума куни мўмин киши ташқи кўринишини ҳам гўзал қилиши суннатдир. Чунки мусулмон нафақат қалби, балки зоҳири билан ҳам пок бўлиши керак. Ҳазрати Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни ғусл қилиб, қўлидан келганича покланса, хушбўйлик суртса, кейин масжидга бориб икки кишининг орасини ажратмаса ва унга фарз қилинган намозни ўқиса ҳамда имом хутба қилаётганда жим турса, икки жума орасидаги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис жума кунининг нақадар раҳмат эшиклари очиқ кун эканини кўрсатади.
Афсуски, бугун баъзи инсонлар жумага шошилиб, охирги дақиқаларда етиб келишади. Ҳолбуки, аввалги мусулмонлар жумага тонгдан тайёргарлик кўришар, масжидга эрта бориб Қуръон тиловат қилишар, зикр ва дуо билан машғул бўлишар эди.
Жума — қалбни дунё ғуборидан тозалайдиган кун. Унда мўмин киши ҳаётига назар ташлайди, гуноҳлари учун истиғфор айтади ва Роббисига яқинлашади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк қилинглар. Агар билсангиз, мана шу сизлар учун яхшироқдир.” (Жума сураси, 9-оят)
Бу оят мўмин инсон учун жума намози ҳар қандай дунё ишларидан устун эканини англатади.
Жума — фақат намоз куни эмас. У — биродарлик куни, раҳмат куни, дуолар ижобат бўладиган муборак фурсатдир. Ким бу кунни қадрласа, қалби нурга тўлади. Ким уни беҳуда ўтказса, катта фазилатдан маҳрум бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни жума кунини эҳтиром қиладиган, унга муносиб тайёргарлик кўрадиган ва унинг баракотидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.
Азимхон Зиёвуддинов,
Тўрақўрғон туман “Камолхон эшон бува” жоме масжид имом-хатиби
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти натижалари ва уни янада ривожлантириш режалари юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда миллий ўзликни англаш, бой тарихий-маънавий меросимизни чуқур ўрганиш, улуғ алломаларимиз илмий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса айни шу йўналишда миллий ва халқаро аҳамиятга эга замонавий маданий-маърифий платформа сифатида шаклланмоқда.
Тақдимотда ўтган даврда марказ томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Марказ жорий йилнинг 17 март куни муҳташам бинода расман иш бошлади. 1 июнь ҳолатига кўра, марказга ярим миллион нафар маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар келган. Кунлик ташрифлар сони ўртача 6 минг нафарни ташкил этмоқда. Шу даврда муассасага 150 дан ортиқ хорижий делегация ва 2 минг нафардан зиёд хорижий меҳмонлар ташриф буюрган.
Мажмуа таркибида Болалар музейи ташкил этилди, Имом Бухорий инновацион музейининг фаолияти йўлга қўйилди. Бинода Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази жойлаштирилди. Гид-экскурсоводлар ва назоратчилар хизмати ташкил қилинди.
Илмий ва инновацион йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилди. Бу ишларда 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этди.
Марказда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ва китоб тақдимотлари ташкил этиб келинмоқда. Ушбу тадбирларга бугунга қадар 5 мингдан зиёд иштирокчи жалб этилди.
Маданий меросни қайтариш ва фондларни бойитиш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жами 1 мингдан зиёд артефакт Ўзбекистонга қайтарилди. Марказ кутубхона фонди ҳам бойитилмоқда. Ҳозирги кунда фонд таркибида 3 мингдан ортиқ нодир нашр мавжуд бўлиб, 762 таси имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган. Фонд рақамлаштирилмоқда, электрон чиплар ўрнатилмоқда.
Муассаса фаолиятига замонавий технологиялар ва рақамли инновациялар ҳам кенг жорий этилмоқда. Меҳмонлар учун робот-гидлар харид қилинди, мультимедиа ва интерфаол қурилмалар экспозицияларга жойлаштирилди.
Марказ “Дунёнинг энг йирик ислом цивилизацияси музейи” сифатида “Гиннесснинг жаҳон рекордлари китоби”га киритилди.
Тақдимотда марказни янада ривожлантириш бўйича келгуси режалар ҳам кўриб чиқилди.
Аввало, илмий-тадқиқот ва нашр ишларини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Марказнинг илмий журналини халқаро “Scopus” ва “Web of Science” базаларига киритиш, илмий марказларнинг ягона интеграциялашган платформасини яратиш, қўлёзмаларнинг рақамли каталогини тайёрлаш режалаштирилган.
Диний-маърифий соҳадаги магистр ва докторантлар учун “Ислом маърифати” стипендиясини жорий этиш, дунёга машҳур олим ва экспертларнинг китоблари тақдимотларини ташкил этиш режалаштирилган. Келгуси босқичда 20 минг нафар ёшлар, диний-маърифий соҳа вакиллари, жумладан, имом-хатиблар ва отинойиларни марказ фаолиятига жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Маданий меросни қайтариш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Мазкур йўналишда жаҳон аукционлари, музейлар, хусусий коллекциялар ва халқаро санъат бозорларида Ўзбекистонга мансуб нодир артефактларни излаш, аниқлаш, илмий ўрганиш, экспертизадан ўтказиш, музокаралар олиб бориш ва уларни Ватанга қайтариш бўйича доимий механизм яратиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, дунё бўйлаб Ўзбекистон маданий меросини доимий мониторинг қилиш, маданий мерос объектларининг ягона рақамли маълумотлар базаси ва халқаро реестрини шакллантириш, Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган.
Бу борада Хитой, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия каби хорижий мамлакатларда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига оид коллекциялар бўйича ҳам ишлар олиб борилади.
Медиа ва халқаро тарғибот ишларини кучайтириш режалари ҳам муҳокама қилинди.
“Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида I халқаро Ислом форумини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, БМТнинг Нью-Йорк ва Женевадаги тузилмалари ҳамда UNESCОнинг Париждаги қароргоҳида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий меросига бағишланган махсус тақдимотлар ўтказиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Марказ тақдимотларини 55 та давлатда ташкил этиш, “Исломда аёлларнинг ўрни” мавзусида халқаро конференция ва кўргазма ўтказиш, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, ICESCO, IRCICA, TURKSOY ва бошқа халқаро ташкилотлар билан қўшма илмий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишга кўрсатма берилди.
Хорижий журналистлар ва халқаро медиа тузилмалар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида пресс-турлар, халқаро медиа клублар ва медиа анжуманлар ташкил этилади. Марказ брендини глобал миқёсда мустаҳкамлаш учун фотокўргазмалар, тематик тақдимотлар ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналарда давра суҳбатлари ўтказилади.
Шунингдек, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига келувчи зиёратчи ва сайёҳлар учун янада қулай шароитлар яратиш, ташрифларни тартибли ва мазмунли ташкил этиш, уларга ахборот ва гид хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой маданий мероси, маърифатпарварлик анъаналари ва Янги Ўзбекистоннинг маънавий юксалишини дунёга намоён этадиган маскан бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга марказ фаолиятини тизимли ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва нашр ишларини кенгайтириш, маданий меросни қайтариш бўйича доимий механизм яратиш, музей фондларини бойитиш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро медиа тарғиботни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
President.uz