Жума куни — мусулмонлар учун энг улуғ ва муборак кундир. Бу кун нафақат ҳафтанинг саййиди, балки гуноҳлар кечирилиши, дуолар қабул қилиниши ва қалблар нурга тўлиши учун берилган илоҳий имкониятдир. Шу боис солиҳ зотлар жумага оддий кундек эмас, байрамдек тайёргарлик кўрганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунининг фазилати ҳақида бундай дедилар: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси — жума кунидир” (Имом Муслим ривояти).
Жумага тайёргарлик ғусл қилиш, покланиш, хушбўйлик сепиш ва эртароқ масжидга бориш билан бошланади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни жунублик ғусли каби ғусл қилса, сўнг биринчи соатда (масжидга) борса, худди туяни қурбон қилгандек бўлади. Иккинчи соатда борган киши қорамол қурбон қилгандек, учинчи соатда борган киши шохдор қўчқор қурбон қилгандек, тўртинчи соатда борган киши товуқ садақа қилгандек, бешинчи соатда борган киши тухум садақа қилгандек бўлади. Имом хутбага чиққач эса, фаришталар зикр тинглаш учун ҳозир бўладилар” (Имом Молик ривояти).
Қандай буюк мукофот! Масжидга эртароқ қадам ташлаш оддий амал эмас, балки қурбонлик савобига тенг амал экани билдирилмоқда.
Жума куни мўмин киши ташқи кўринишини ҳам гўзал қилиши суннатдир. Чунки мусулмон нафақат қалби, балки зоҳири билан ҳам пок бўлиши керак. Ҳазрати Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни ғусл қилиб, қўлидан келганича покланса, хушбўйлик суртса, кейин масжидга бориб икки кишининг орасини ажратмаса ва унга фарз қилинган намозни ўқиса ҳамда имом хутба қилаётганда жим турса, икки жума орасидаги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис жума кунининг нақадар раҳмат эшиклари очиқ кун эканини кўрсатади.
Афсуски, бугун баъзи инсонлар жумага шошилиб, охирги дақиқаларда етиб келишади. Ҳолбуки, аввалги мусулмонлар жумага тонгдан тайёргарлик кўришар, масжидга эрта бориб Қуръон тиловат қилишар, зикр ва дуо билан машғул бўлишар эди.
Жума — қалбни дунё ғуборидан тозалайдиган кун. Унда мўмин киши ҳаётига назар ташлайди, гуноҳлари учун истиғфор айтади ва Роббисига яқинлашади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк қилинглар. Агар билсангиз, мана шу сизлар учун яхшироқдир.” (Жума сураси, 9-оят)
Бу оят мўмин инсон учун жума намози ҳар қандай дунё ишларидан устун эканини англатади.
Жума — фақат намоз куни эмас. У — биродарлик куни, раҳмат куни, дуолар ижобат бўладиган муборак фурсатдир. Ким бу кунни қадрласа, қалби нурга тўлади. Ким уни беҳуда ўтказса, катта фазилатдан маҳрум бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни жума кунини эҳтиром қиладиган, унга муносиб тайёргарлик кўрадиган ва унинг баракотидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.
Азимхон Зиёвуддинов,
Тўрақўрғон туман “Камолхон эшон бува” жоме масжид имом-хатиби
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати