Жума куни — мусулмонлар учун энг улуғ ва муборак кундир. Бу кун нафақат ҳафтанинг саййиди, балки гуноҳлар кечирилиши, дуолар қабул қилиниши ва қалблар нурга тўлиши учун берилган илоҳий имкониятдир. Шу боис солиҳ зотлар жумага оддий кундек эмас, байрамдек тайёргарлик кўрганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунининг фазилати ҳақида бундай дедилар: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси — жума кунидир” (Имом Муслим ривояти).
Жумага тайёргарлик ғусл қилиш, покланиш, хушбўйлик сепиш ва эртароқ масжидга бориш билан бошланади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни жунублик ғусли каби ғусл қилса, сўнг биринчи соатда (масжидга) борса, худди туяни қурбон қилгандек бўлади. Иккинчи соатда борган киши қорамол қурбон қилгандек, учинчи соатда борган киши шохдор қўчқор қурбон қилгандек, тўртинчи соатда борган киши товуқ садақа қилгандек, бешинчи соатда борган киши тухум садақа қилгандек бўлади. Имом хутбага чиққач эса, фаришталар зикр тинглаш учун ҳозир бўладилар” (Имом Молик ривояти).
Қандай буюк мукофот! Масжидга эртароқ қадам ташлаш оддий амал эмас, балки қурбонлик савобига тенг амал экани билдирилмоқда.
Жума куни мўмин киши ташқи кўринишини ҳам гўзал қилиши суннатдир. Чунки мусулмон нафақат қалби, балки зоҳири билан ҳам пок бўлиши керак. Ҳазрати Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни ғусл қилиб, қўлидан келганича покланса, хушбўйлик суртса, кейин масжидга бориб икки кишининг орасини ажратмаса ва унга фарз қилинган намозни ўқиса ҳамда имом хутба қилаётганда жим турса, икки жума орасидаги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис жума кунининг нақадар раҳмат эшиклари очиқ кун эканини кўрсатади.
Афсуски, бугун баъзи инсонлар жумага шошилиб, охирги дақиқаларда етиб келишади. Ҳолбуки, аввалги мусулмонлар жумага тонгдан тайёргарлик кўришар, масжидга эрта бориб Қуръон тиловат қилишар, зикр ва дуо билан машғул бўлишар эди.
Жума — қалбни дунё ғуборидан тозалайдиган кун. Унда мўмин киши ҳаётига назар ташлайди, гуноҳлари учун истиғфор айтади ва Роббисига яқинлашади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк қилинглар. Агар билсангиз, мана шу сизлар учун яхшироқдир.” (Жума сураси, 9-оят)
Бу оят мўмин инсон учун жума намози ҳар қандай дунё ишларидан устун эканини англатади.
Жума — фақат намоз куни эмас. У — биродарлик куни, раҳмат куни, дуолар ижобат бўладиган муборак фурсатдир. Ким бу кунни қадрласа, қалби нурга тўлади. Ким уни беҳуда ўтказса, катта фазилатдан маҳрум бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни жума кунини эҳтиром қиладиган, унга муносиб тайёргарлик кўрадиган ва унинг баракотидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.
Азимхон Зиёвуддинов,
Тўрақўрғон туман “Камолхон эшон бува” жоме масжид имом-хатиби
Халқаро медиа майдонида йўлга қўйилаётган янги ҳамкорликлар ва илмий-маданий лойиҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Яқинда ўтказилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми доирасида бошланган ҳамкорликларнинг кейинги босқичи сифатида Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида махсус тақдимот, халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазма ўтказиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларнинг натижалари ва уларга тайёргарлик жараёни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.
Йиғилишда Илмий кенгаш аъзолари, олим ва тадқиқотчилар ҳамда тегишли йўналишлар учун масъул ходимлар иштирок этди.
Унда дастлаб халқаро медиафорумнинг натижалари таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, мазкур форум Марказнинг халқаро ахборот ва илмий майдондаги фаолиятини кенгроқ намойиш этиш, хорижий журналистлар, медиа экспертлар, олим ва тадқиқотчилар билан янги профессионал алоқаларни йўлга қўйиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Форум давомида Марказнинг илмий-тадқиқот салоҳияти, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган исломий илм-фан ва маданият мероси, шунингдек, ушбу меросни замонавий медиа воситалари орқали халқаро аудиторияга етказиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Хорижий ОАВ вакилларининг Марказ фаолиятига билдирган қизиқиши ҳамда ўзаро мулоқотлар келгусидаги ҳамкорликлар учун янги имкониятларни шакллантиргани таъкидланди.
Шу муносабат билан форум доирасида йўлга қўйилган алоқаларни изчил давом эттириш, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказнинг илмий лойиҳалари ва тадқиқотларини халқаро аудиторияга кенгроқ етказиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Илмий кенгаш йиғилишида Марказнинг халқаро илмий-маданий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган истиқболли лойиҳалардан бири — Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилаётган махсус тақдимот, халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазма лойиҳасига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур тадбирлар орқали Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-тадқиқот фаолияти, мамлакат ҳудудида шаклланган илм-фан, маърифат, маданият ва тарихий мероснинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини халқаро илмий жамоатчиликка кенгроқ танитиш мақсад қилинган.
Айни пайтда лойиҳа доирасида халқаро олим ва тадқиқотчиларни тадбирларга жалб этиш, илмий муассасалар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тақдимот ва конференция дастурини шакллантириш, шунингдек, кўргазма экспозицияларини илмий ва мазмун жиҳатдан тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов Париждаги тадбирларга тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берди:
“Франциядан 50 га яқин олим ва тадқиқотчига таклифномалар юборилган. Шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар вакилларини жалб этиш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбирнинг яна бир муҳим қисми — ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ташкил этиладиган кўргазма лойиҳаси. Беш экспозициядан иборат кўргазма орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илм-фан, маданият ва тарихий мероснинг муҳим жиҳатларини халқаро жамоатчиликка намойиш этиш режалаштирилган. Кўргазма учун 35 та муҳим артефакт ва 200 га яқин қадимий китоб, шунингдек, тарихий обидалар макетларини тақдим этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”.
Илмий кенгаш аъзолари томонидан мазкур лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, илмий асосланганлиги ва уларни халқаро аудиторияга тақдим этиш усуллари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Хусусан, кўргазма экспозицияларини шакллантиришда тарихий манбаларнинг илмий қиймати, артефактларнинг тарихий аҳамияти ва уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ислом цивилизацияси тараққиёти билан боғлиқ жиҳатларини аниқ ва ишончли маълумотлар асосида ёритиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, халқаро аудиторияга тақдим этиладиган материалларда Ўзбекистон заминида юзага келган илмий мактаблар, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда бугунги кунда ушбу илмий-маърифий меросни ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг қамраб олиниши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида халқаро медиафорумда эришилган натижаларни амалий лойиҳалар билан давом эттириш, хорижий ОАВ ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилган тадбирларга тайёргарлик ишларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда Марказнинг илмий-тадқиқот фаолияти ва Ўзбекистоннинг бой исломий илмий-маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
iccu.uz