Муборак Қурбон ҳайити айёми арафасида юртимиз бўйлаб қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабристонларни тартибга келтириш ҳамда ободонлаштириш ишлари кенг қулоч ёйди.
Хусусан, жорий йилнинг 23–24 май кунлари республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам хайрия ҳашарлари юқори уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Мазкур хайрли ташаббус доирасида Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва диний соҳа ходимлари ўзларига бириктирилган қабристонларда ҳашар ишларини бошлаб юбордилар.
Ҳашар давомида қуйидаги кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда:
Ҳудудларни тозалаш: Қабристонлар атрофи ва ичи қуриган ўт-ўланлардан, шох-шаббалардан ҳамда чиқиндилардан бутунлай тозаланмоқда;
Кўкламзорлаштириш: Зиёратгоҳлар ҳудудига маҳаллий иқлимга мос бўлган манзарали дарахт кўчатлари, турфа хил гуллар ҳамда файз бағишловчи райҳонлар экилмоқда.
Бу каби тизимли ишлар натижасида вилоятдаги қабристон ва зиёратгоҳлар янада обод, озода ва файзли масканга айлантирилмоқда.
Халқимизда ўтганларнинг хотирасини шод этиш, уларнинг манзилларини озода сақлаш азалдан муқаддас қадрият ва улуғ савобли амаллардан саналади. Ҳайит олдидан ўтказилаётган бундай ҳашарлар жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик ва аждодлар хотирасига бўлган юксак ҳурматнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти