Муборак Қурбон ҳайити айёми арафасида Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонида кенг кўламли ободонлаштириш ҳашари ташкил этилди.
Савобли тадбирда Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Аҳадхон Мирзаев, вилоят имом-хатиблари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари фаол иштирок этдилар.
Ҳашар давомида қабристон ҳудуди чиқиндилардан тозаланиб, ариқ-зовурлар очилди, дарахтлар оқланди ҳамда йўлаклар тартибга келтирилди.
Шунингдек, байрам кунлари ташриф буюрувчи зиёратчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Ёшлар ва нуронийларнинг ҳамжиҳатлигида ўтган мазкур хайрли тадбир якунида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва ўтганлар руҳига бағишлаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Муборак Қурбон ҳайити арафасида Қашқадарё вилоятида аҳолини ижтимоий ва тиббий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган болаларнинг жарроҳлик амалиётлари, онкологик ва гематологик хасталиклари бор беморларни даволаш, шунингдек, жигар ва буйрак трансплантацияси харажатларини қоплаш учун ажратилган маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўз эгаларига топширилмоқда.
Мазкур савобли ишларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Низом Қурбонов ҳамда вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар иштирок этиб, беморлар хонадонига ташриф буюрдилар ва уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Бу каби эзгу тадбирлар юртимизда инсон қадрини улуғлаш ва эҳтиёжманд фуқароларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг гўзал намунаси бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати