Муборак Қурбон ҳайити арафасида Тошкент шаҳрида саховат ва эҳсон тадбирлари давом этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам шукуҳи улашилмоқда.
Хусусан, бугун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида хайр-саховатга йўғрилган сайёр тадбирлар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Юлдашев ва Эргаш домла Рустамов ҳамда Тошкент шаҳар имом-хатиблари иштирок этдилар.
Тадбир давомида туманда истиқомат қилаётган 100 дан ортиқ эҳтиёжманд хонадон ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмалари байрам совғаси сифатида топширилди.
Мазкур эзгу ташаббус Қурбон ҳайити кунларида аҳоли орасида меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
MuslimShosh.uz
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати