Тошкент ислом институтида “Май – Ҳадис илмлари фан ойлиги” муносабати билан улуғ муҳаддис Имом Муҳаммаднинг “Муватто” асарини ўқиб тугатган талабаларга ижоза бериш ва “Хатми кутуб” тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур хайрли анъана доирасида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчилари Раҳматуллоҳ Махсухонов ҳамда Мансур Жамбилов бошчилигида магистратура ва бакалавриат босқичи талабалари ушбу бебаҳо асарни тўлиқ хатм қилдилар.
Институт масъуллари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирок этган тадбирда устозлар томонидан хатми кутуб қилишнинг фазилати, Имом Муҳаммаднинг ҳадис илмида тутган юксак ўрни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига муҳаббатли бўлиш масъулияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида устозлар талабаларга ҳадис ривоят қилиш учун расмий ижоза (силсила) ва сертификатларни топшириб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилишди. Шунингдек, талабаларга ушбу бебаҳо асарни ўргатган фидойи устозлар институт раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тошкент ислом институти
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати