Жорий йилги ҳаж мавсуми ўзининг қизғин палласига кирмоқда. 24 май – Зулҳижжа ойининг 7 куни кечки пайтдан бошлаб зиёратчиларни Мино водийсига ташиш ишлари бошланади. 25 май – Зулҳижжа ойининг 8 куни барча ҳожилар Мино водийсида жам бўлишади.
Шу муносабат билан ҳаж делегацияси аъзолари, ишчи гуруҳи штаби, шифокорлар жамоаси ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида Макка шаҳридаги меҳмонхонада умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий – ҳаж делегацияси раҳбари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда шифокорлар жамоаси етакчиси Алишер Саатов қатнашди.
Мутасаддилар меҳмонхоналардан Минога, у ердан Арафот, бу манзилдан эса Муздалифага ва яна Минога қайтишни тартибли ташкил этиш, муборак манзиллар ва чодирларда рисоладагидек ибодат қилиш учун барча шароитларни ҳозирлаш, зиёратчилар саломатлигига жиддий эътибор бериш, овқатланиш рационига амал қилиш, белгиланган тартибларга риоя этишни таъминлаш масалаларини айтиб ўтишди.
Айниқса, Мино, Арафот водийларида ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилиш, хусусан, куннинг жазирама иссиқ вақтларида (соат 10-00 дан 16-00 гача) чодирлардан ташқарида юрмаслик, ҳудудларда тоғу тепаликларга чиқмаслик, битоқа-бейжикларни тақиб юриш, ҳаракатланишда махсус транспорт воситалари, автобуслардан фойдаланиш ва Подшоҳлик талаблари, тартибни сақловчи ходимлар кўрсатмаларига итоат этиш, бегона шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларининг олдини олиш кабиларга урғу қаратилди.
Муфтий ҳазратлари ишчи гуруҳи ва гуруҳ раҳбарлари учун янада масъулиятли дамлар бошланаётганини таъкидладилар. Шунинг баробарида ҳаж амалини динимиз талабларига мувофиқ адо этиш, шаръий масалаларда Фатво маркази фатволарига риоя қилиш, ўзбошимчалик билан иш тутишдан сақланиш, Мино ва Арафотдаги чодирларда уламоларнинг мавъизаларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, ҳожиларнинг ҳар бир дақиқасини тоат-ибодат, дуою зикр билан унумли ўтказиш кабиларни айтиб ўтдилар.
Йиғилишда бошқа ташкилий масалалар ҳам келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 17 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги лавозимга тайинланган ва бошқа ишга ўтказилган диний соҳа ходимлари учун махсус ўқув-семинари ташкил этилди. Мазкур тадбирда жами 14 нафар ходим, жумладан, имом-хатиблар, имом ноиблари ва туман бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Тадбирда Диний идоранинг Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов меҳнат интизоми ва кийиниш маданиятига қатъий амал қилиш, лавозим йўриқномалари асосида фаолият олиб боришга эътибор қаратиш лозимлигини уқтириб, соҳа ходимларига тегишли қатор муҳим масалаларни ҳаётий мисоллар орқали атрофлича тушунтирди.
Шунингдек, Масжидлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Ҳумоюддин Ҳусниддин ўғли ходимларга фаолиятни баҳолашнинг KPI тизими ва “Muftiy.uz” платформасидан самарали фойдаланиш йўллари ҳақида маълумот берди. Фатво маркази бош мутахассиси Абдулатиф домла Турсунов эса замонавий фатволарга тўғри ёндашиш тартибларини тушунтириб ўтди.
Якунда янги тайинланган ходимлар ички меъёрий ҳужжатлар билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, уларнинг келгуси фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати