2026 йилнинг 25 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти жамоаси учун қувончли воқеа юз берди. Институт Кенгашининг йиғилишида ректор Уйғун Ғафуров томонидан “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси доцент вазифасини бажарувчиси, исломшунослик фанлари фалсафа доктори (PhD) Маъмуржон Раҳмонбердиевич Эркаевга Фиқҳ, калом илми (Илоҳиёт) ихтисослиги бўйича доцент илмий унвони тантанали равишда топширилди.
Маъмуржон Эркаев 2005 йилда Тошкент ислом институтини, сўнгра Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасини муваффақиятли тамомлаган. Олим 2024 йилда “Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг “Муҳитул Бурҳоний” асарида ижара шартномалари” мавзусидаги диссертациясини юксак савияда ҳимоя қилган эди. Жонкуяр педагог сифатида у сўнгги уч йилда “Фароиз илми” ва “Фиқҳ илмига кириш” ўқув қўлланмалари ҳамда “Ҳидоятул муҳтор” асарини нашр эттирди, шунингдек, маҳаллий ва халқаро журналларда ўнлаб илмий мақолалари эълон қилинди.
Муҳтарам устозни ушбу юксак илмий унвон ва эътироф билан муборакбод этиб, уларнинг илм йўлидаги хайрли изланишларига зафарлар ва куч-қувват тилаб қолади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати