Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзанд ҳаётимиздаги энг катта неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди”.
Демак, орамизда ёш болаларнинг борлиги бу барчамиз учун Аллоҳнинг раҳмати экан. Буни асло унутмаслигимиз лозим.
Умму Холид ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боргани ҳақида сўзлаб беради. У Ҳабашистондан отаси билан бирга келган ва эгнига сариқ рангли кўйлак кийганди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: “Сана, сана (Ҳабашистон лаҳжасида “яхши” деган маънони англатади)” дедилар сўнгра қизалоқ билан кулишиб, ҳабаш лаҳжасида гаплашдилар. Чунки қизалоқ Ҳабашистонда туғилгани учун фақат шу лаҳжада гаплаша оларди.
Қизалоқ жажжи қўлларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўйлакларининг орқасига киритиб, чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган пайғамбарлик муҳрини ўйнай бошлади.
Буни кўрган қизалоқнинг отаси қаттиқ танбеҳ берди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни тинч қўй!” дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтариб унинг ҳаққига: “Кўйлакингни кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин. Кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин”, деб дуо қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли ўша қизнинг умри узун бўлди. Эскиргунича чиройли кийимларни киярди, кейин янада чиройлисини сотиб оларди.
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болага қандай муносабатда бўляптилар. Жажжи қизалоққа қанчалик меҳрибонлик кўрсатдилар. Болаларнинг қизиқувчанлиги, ўйинқароқлигини яхши билганлар ва шунга муносиб жавоб қайтарганлар.
Биз ҳам бундан ўзимизга ўрнак олишимиз керак. Зеро, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга нисбатан муомаларига оид суннатлари, хулқларидан биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни алоҳида ҳурмат қилардилар
Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшли Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: “Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?” деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалар билан мулоқотдаги услублари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар. Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз.
Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди”.
Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хато қилган болаларга муносабатлари
Ҳеч шак-шуҳбасиз, ҳар қандай ёш бола хато қилади. Баъзан нотўғри иш қилади. Ахир у бола-ку. Аммо кўпчилигимиз болаларнинг хатосини қабул қила олмаймиз. Фарзандимиз ёки бошқаларнинг фарзандининг хатоларидан қаттиқ ғазабланамиз. Баъзилар ҳатто фарзандини калтаклайди, уради. Аммо, унутмангки! Аллоҳ тоало ёш болаларни ҳисоб-китоб қилмайди.
Рофиъ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен ва бир дўстим ансорларнинг хурмоларига тош отардик”. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар қилишди.
Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб боришди. У зот алайҳиссалом менга: “Эй йигит, нега хурмоларга тош отяпсиз?” дедилар.
“Ейиш учун”, деб жавоб бердим.
“Тош отманг, ерга тушганини олиб еяверинг”, дедилар ва бошимни силаб: “Аллоҳим, унинг қорнини тўйдиргин” деб дуо қилдилар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни ўргатдилар, ёмонликдан қайтардилар ва уларнинг ҳақига дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло сизни яхши кўради
Фарзандларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларини, суннатларини ўргатсак, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қоладилар. Бу барчамизнинг вазифамиздир. Бунинг учун аввало ҳар биримиз амалда ўрнак бўлишимиз талаб этилади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади”» (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!» деб, (Каломуллоҳ Қуръони каримнинг Қалам сураси 4 оятида) марҳамат қилиб, макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилган Жаноби севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаган Парвардигори оламга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин!
«Ҳақ бўлатуриб тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг чеккасида бир қаср бино қилинишига; ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир қаср бино қилинишига; хулқи гўзал бўлган киши учун эса жаннатнинг юқорисида бир қаср бино қилинишига кафилман» деб, (Имом Абу Довуд ривоятлари) марҳамат ила ваъда этган ҳабибимиз, кўзимиз нури, бошимиз тожи Жаноби севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавот-шарифларимиз ва саломларимиз бўлсин!
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ:
Халқаро ҳуқуқ даражасида болалар ҳуқуқларига оид
асосий ҳужжат – 1989 йил 20 ноябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Бош Ассамблеясининг 44/25-сонли Қарори билан қабул қилинган Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ҳисобланади.
Бундан ташқари, болаларга бағишланган яна бир қатор халқаро саналар мавжуд: Бутунжаҳон болалар куни (20 ноябрь), Халқаро бегуноҳ болалар – тажовуз қурбонлари куни (4 июнь) ва Африка болаларини ҳимоя қилиш куни (16 июнь).
Ҳар йили 1 июнь санаси дунё бўйлаб Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланадиган кун эса 1949 йил ноябрь ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро демократик аёллар федерацияси конгресси қарори билан таъсис этилган бўлиб, илк бор 1950 йилда нишонланган.
Бу сана нафақат болаларга қувонч улашиш, уларнинг юзига табассум бахш этиш куни, балки ҳар биримизга улкан масъулиятни эслатиб турувчи муҳим кун ҳамдир. Зеро, бола – оиланинг кўз нури, қалб қувончи, миллатнинг келажаги ва Аллоҳ таолонинг энг буюк неъматларидан биридир.
Болаларнинг беғубор кулгиси, самимий нигоҳлари ва пок қалблари инсонга ҳаётнинг ҳақиқий гўзаллигини ҳис қилдиради. Шунинг учун ҳам ҳар бир жамиятнинг тараққиёти, аввало, унинг фарзандларига бўлган муносабати билан ўлчанади.
Болаларга меҳр берган, уларнинг таълим-тарбиясига аҳамият қаратган халқнинг келажаги ҳам ёруғ бўлади.
Ислом дини болаларга меҳр-мурувват кўрсатишни, уларни асраб-авайлашни ва яхши тарбия беришни энг улуғ амаллардан бири сифатида таълим беради.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда фарзандларга нисбатан раҳм-шавқатли бўлиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этиш ҳақида кўплаб кўрсатмалар берилган.
Каломуллоҳ Қуръони карим ояти карималарида, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида, саҳобаи киромларнинг гўзал феъл-атворларида, уламоларимизнинг ноёб асарларида, улуғларимизнинг китобларида ва доно халқимизнинг доно мақолларида келган “Ҳаёт” университетида учрайдиган ҳар хил саволларга мукаммал ва тўлиқ, батафсил ва аниқ жавоблар ҳар биримиз учун ЗАРУР ва ДАРКОР бўлса керак...
Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз зўравонлик билан тарқатаётган бир онда, фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар ва пурмаъноли ҳикматлар жаннатмакон юртимизнинг, муқаддас Ватанимизнинг, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга – ҳаво, балиққа – сув зарурлигидай зарур бўлса керак...
Ислом таълимотида фарзандлар Аллоҳнинг омонати деб қаралади. Омонатга хиёнат қилинмагани каби, фарзандларнинг тарбиясига ҳам бепарво қараш мумкин эмас. Ҳалол ризқ билан боқиш, яхши хулқ-одобга ўргатиш, ибодат ва эзгуликка муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳар бир мусулмон ота-она учун савобли вазифадир. Чунки яхши фарзанд инсон вафот этганидан кейин ҳам унинг амал дафтарига савоб ёзилишига сабаб бўлади.
Баъзан бир ширин сўз, бир самимий табассум ёки кичикгина ғамхўрлик боланинг бутун ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун фарзандларимиз билан кўпроқ суҳбатлашиш, уларни эшитиш, дардлари ва қувончларига шерик бўлиш даркор. Меҳр билан улғайган бола меҳрибон инсон бўлиб етишади. Раҳм-шавқат кўрган фарзанд эса бошқаларга ҳам раҳм қилишни ўрганади.
Фарзандга берилган ҳар бир имконият, ҳар бир яхши тарбия ва ҳар бир эзгу дуо келажакнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Фарзандларимизга кўпроқ вақт ажратиб, уларнинг қалбига яхшилик, ҳалоллик, меҳр-оқибат ва ватанпарварлик туйғуларини сингдириш – улуғвор бурчимиз! Чунки болалар – бу фақат келажак эмас, улар бугунги кунимизнинг ҳам энг катта бойлигидир.
Бугунги кунда болаларни ҳимоя қилиш масаласи фақатгина моддий эҳтиёжларни қондириш билан чекланмайди.
Айниқса, ахборот технологиялари ривожланган замонда фарзандларимизнинг маънавий оламини асраш, уларни зарарли ғоялардан ҳимоя қилиш ҳар бир ота-она зиммасидаги муқаддас бурч ҳисобланади.
Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа ва бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа, деб билмоғимиз лозим!
«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия
«Агар огоҳсан – шоҳсан,
агар шоҳсан – огоҳсан»
Албатта, халқимиз, жумладан, ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бироқ Ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини ғарб зиёлиларининг ўзи «ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.
Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди:
1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия.
1) «ЖОНСИЗ» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, дисклар, телевизор. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймокда. Натижада, доно халқимиз мақолида «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб айтилганидек, ўзлари ҳам, оиласи ҳам, қариндошлари ҳам, қўшнилари ҳам, дўстлари ҳам, яқинлари ҳам, атрофдагилари ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига ҳам, ишлаб турган ишхонасига ҳам, бутун эл-юртига ҳам етмоқда.
Бундай шаклдаги «жонсиз» тарбия –
МУТЛАҚО зид эканлигини унутмайлик!
Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас! Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга МОС КЕЛАДИГАНЛАРИНИГИНА саралаб олмоғимиз шарт. Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин.
Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.
2) «ЖОНЛИ» тарбия – бу
Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.
Оиладаги бош – бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни, айниқса жума оқшоми, бозор оқшоми кунларида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, ҳар бир ўғил-қизларини, ҳар бир келин-куёвларини, ҳар бир невара-чевараларини хақларига яхши тилаклар айтиб, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир тури ҳисобланади.
Зеро бундай шаклдаги «жонли» тарбияни ҳаммаларимизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз аввал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражада бериб келишган.
Шунда «мени отам мени хақимга бундай дуо қилганлар», «мени онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат унинг кўз олдида доим туради. Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди.
Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Муҳтарам Президентимиз ҳам: «Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди» деб, яна қўшимча сифатида бизларга енгилмас куч қилиб бердилар.
Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди. Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир. Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди.
Жаноб ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!».
Бу хусусда шоирларимизнинг ибратли сўзлари бор:
«Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор».
Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз хақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда.
Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.
Айниқса ҳозирги ёзги таътиллардан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб,
ҳар бир ота, ҳар бир она ўз фарзандига:
уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз –
ҳам бурчимиз, ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир!
ХУДОНИНГ олдида ҳам, бандасини олдида ҳам, ЮРТ-ХАЛҚИМИЗ олдида ҳам!
Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд!
Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қон орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олманинг тагига олма тушади”, “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!
Кимнинг она Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “хақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.
Илоҳо ўзларимизни ҳам,
фарзанд-зурриётларимизни ҳам
Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган,
Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,
ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,
халқимиз хурсанд бўладиган,
ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов.