Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июн, 2026   |   15 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:52
Пешин
12:26
Аср
17:34
Шом
19:54
Хуфтон
21:29
Bismillah
02 Июн, 2026, 15 Зулҳижжа, 1447

Расулуллоҳ ﷺ ёш болаларга қандай муносабатда бўлганлар?

01.06.2026   4924   7 min.
Расулуллоҳ ﷺ ёш болаларга қандай муносабатда бўлганлар?

Фарзанд ҳаётимиздаги энг катта неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди”.

Демак, орамизда ёш болаларнинг борлиги бу барчамиз учун Аллоҳнинг раҳмати экан. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

Умму Холид ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боргани ҳақида сўзлаб беради. У Ҳабашистондан отаси билан бирга келган ва эгнига сариқ рангли кўйлак кийганди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: “Сана, сана (Ҳабашистон лаҳжасида “яхши” деган маънони англатади)” дедилар сўнгра қизалоқ билан кулишиб, ҳабаш лаҳжасида гаплашдилар. Чунки қизалоқ Ҳабашистонда туғилгани учун фақат шу лаҳжада гаплаша оларди.

Қизалоқ жажжи қўлларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўйлакларининг орқасига киритиб, чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган пайғамбарлик муҳрини ўйнай бошлади.

Буни кўрган қизалоқнинг отаси қаттиқ танбеҳ берди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни тинч қўй!” дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтариб унинг ҳаққига: “Кўйлакингни кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин. Кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин”, деб дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли ўша қизнинг умри узун бўлди. Эскиргунича чиройли кийимларни киярди, кейин янада чиройлисини сотиб оларди.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болага қандай муносабатда бўляптилар. Жажжи қизалоққа қанчалик меҳрибонлик кўрсатдилар. Болаларнинг қизиқувчанлиги, ўйинқароқлигини яхши билганлар ва шунга муносиб жавоб қайтарганлар.

Биз ҳам бундан ўзимизга ўрнак олишимиз керак. Зеро, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга нисбатан муомаларига оид суннатлари, хулқларидан биридир.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни алоҳида ҳурмат қилардилар

Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшли Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: “Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?” деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалар билан мулоқотдаги услублари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар. Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз.

Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди.

Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хато қилган болаларга муносабатлари

Ҳеч шак-шуҳбасиз, ҳар қандай ёш бола хато қилади. Баъзан нотўғри иш қилади. Ахир у бола-ку. Аммо кўпчилигимиз болаларнинг хатосини қабул қила олмаймиз. Фарзандимиз ёки бошқаларнинг фарзандининг хатоларидан қаттиқ ғазабланамиз. Баъзилар ҳатто фарзандини калтаклайди, уради. Аммо, унутмангки! Аллоҳ тоало ёш болаларни ҳисоб-китоб қилмайди.

Рофиъ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен ва бир дўстим ансорларнинг хурмоларига тош отардик”. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар қилишди.

Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб боришди. У зот алайҳиссалом менга: “Эй йигит, нега хурмоларга тош отяпсиз?” дедилар.

“Ейиш учун”, деб жавоб бердим.

“Тош отманг, ерга тушганини олиб еяверинг”, дедилар ва бошимни силаб: “Аллоҳим, унинг қорнини тўйдиргин” деб дуо қилдилар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни ўргатдилар, ёмонликдан қайтардилар ва уларнинг ҳақига дуо қилдилар.

 

Аллоҳ таоло сизни яхши кўради

Фарзандларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларини, суннатларини ўргатсак, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қоладилар. Бу барчамизнинг вазифамиздир. Бунинг учун аввало ҳар биримиз амалда ўрнак бўлишимиз талаб этилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади”» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

Қурбон ҳайити куни бажариладиган 13 амал

28.06.2023   37653   2 min.
Қурбон ҳайити куни бажариладиган 13 амал

1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн МожаТабароний ривояти).

2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар(Ибн Можа ривояти).

3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.

4. Хушбўйланиш.

5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар(Имом Термизий ривояти).

Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.

6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар (Ибн Можа ривояти).

7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".

8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.

9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.

10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.

11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.

12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.

13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.


Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Даврон НУРМУҲАММАД