1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Самарқанд вилояти Иштихон туманида 100 нафардан зиёд болажонлар учун хайрия ва меҳр-мурувват тадбири ташкил этилди.
Тадбирда вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ҳамда туман бош имом-хатиби Тошмуҳаммад домла Абилов иштирок этдилар. Диний соҳа вакиллари юртимизда фарзандларнинг бахтли ва соғлом вояга етиши, уларга қаратилаётган юксак эътибор ва яратилаётган имкониятларнинг шаръий ҳамда инсоний аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.
Хайрли ташаббус доирасида болажонлар учун байрам дастурхони ёзилиб, уларга махсус совғалар, ширинликлар ва турли эҳсонлар улашилди. Меҳр-оқибат ва инсонпарварлик намунаси бўлган ушбу тадбир жажжи қалбларда унутилмас таассурот қолдирди.
Aллоҳ таоло юртимиз фарзандларини илмли, одобли, соғлом ва Ватанимиз равнақига муносиб инсонлар қилиб камол топтирсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати