Савол: Тавоф қилиш асносида зиёратчилар бир-бирлари билан ёки телефон орқали гаплашишлари мумкинми? Айрим одамлар бемалол гаплашиб кетаётганларига кўзимиз тушиб қолади.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тавоф асносида зарур гапларни гаплашиш, билмаганини илмли инсонлардан сўраши каби ишлар мубоҳ ҳисобланади. Ҳожати йўқ, бекорчи гапларни гаплашиш тақиқланади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Байтуллоҳ атрофида тавоф қилиш худди намоз кабидир. Фақатгина унда гапиришингиз мумкин. Кимки унда гапирса, фақат яхшиликни гапирсин” (Имом Термизий ривояти).
“Гапирса, фақат яхшиликни гапирсин” ибораси уламолар томонидан Аллоҳ таолони зикр қилиш, фойдали илм ўрганиш ва ўргатиш каби савоб бериладиган амаллар деб, шарҳланган.
Тавоф – савоби улуғ амал ҳисобланади, қолаверса, хорижий ўлкалардан борувчилар учун бошқа жойда топа олмайдиган амал ҳамдир. Шу сабабли бундай муқаддас маконларда, ғанимат вақтларда дуо-ю илтижолар, тавба-ю истиғфорлар билан машғул бўлмоқ лозим. Бундай фурсатни олди-қочди гаплар билан ўтказиб юбориш мўл-кўл савоблардан бебаҳра қолишга сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Тадбирда Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев иштирок этиб, ёш кадрлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди.
Учрашув давомида диний соҳа ходимлари олдида турган бир қатор долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан:
Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш;
Устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш;
Оилавий ажримларнинг олдини олишда диний-маърифий ёндашувларни кучайтириш;
Ёт ғоя ва бузғунчи оқимларга қарши илмий асосланган раддиялар бериш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур очиқ мулоқот ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишлари учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Навоий вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати