frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Тавоф вақтида гаплашиш жоизми?

02.06.2026   15319   1 min.
Тавоф вақтида гаплашиш жоизми?

Савол: Тавоф қилиш асносида зиёратчилар бир-бирлари билан ёки телефон орқали гаплашишлари мумкинми? Айрим одамлар бемалол гаплашиб кетаётганларига кўзимиз тушиб қолади.


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тавоф асносида зарур гапларни гаплашиш, билмаганини илмли инсонлардан сўраши каби ишлар мубоҳ ҳисобланади. Ҳожати йўқ, бекорчи гапларни гаплашиш тақиқланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Байтуллоҳ атрофида тавоф қилиш худди намоз кабидир. Фақатгина унда гапиришингиз мумкин. Кимки унда гапирса, фақат яхшиликни гапирсин” (Имом Термизий ривояти).

“Гапирса, фақат яхшиликни гапирсин” ибораси уламолар томонидан Аллоҳ таолони зикр қилиш, фойдали илм ўрганиш ва ўргатиш каби савоб бериладиган амаллар деб, шарҳланган.

Тавоф – савоби улуғ амал ҳисобланади, қолаверса, хорижий ўлкалардан борувчилар учун бошқа жойда топа олмайдиган амал ҳамдир. Шу сабабли бундай муқаддас маконларда, ғанимат вақтларда дуо-ю илтижолар, тавба-ю истиғфорлар билан машғул бўлмоқ лозим. Бундай фурсатни олди-қочди гаплар билан ўтказиб юбориш мўл-кўл савоблардан бебаҳра қолишга сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   49168   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари