Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда Ақраъ:
"Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ", деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг:
"Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас", дедилар (Имом Бухорий, имом Абу Довуд, имом Термизий ривояти).
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати