Бугун, 2 июнь куни “Ҳаж - 2026” ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳлари эсон-омон юртимизга етиб келдилар.
Тошкент халқаро аэропортида нурли ва файзли юзларида Ватан соғинчи намоён бўлган ҳожиларимизни Президент Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари эҳтиром ила кутиб олишди.
Муқаддас заминда динимизнинг бешинчи арконини катта ихлос ва ибодат завқи билан адо этган ҳамюртларимиз кўтаринки кайфият ила яқинлари билан дийдорлашди.
Ҳожиларимиз ушбу улуғ кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва осойишталиги ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Юртимизда хотин-қизлар ўртасида "Аёллар спорт олимпиадаси" спорт мусобақаларининг республика босқичини юқори савияда ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 15 июнь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Олимпия шаҳарчасида "Аёллар спорт олимпиадаси" мусобақаларининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли спорт анжуманида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан мусобақаларнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли ва маҳоратли аёллар жамоалари иштирок этдилар.
Дастурга мувофиқ мусобақаларининг тантанали очилиш маросими олдидан бўлиб ўтган оммавий эрталабки бадантарбия машқлари ҳамда "Беш минг қадам" юриш марафонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган аёл-қизлар ҳам иштирок этдилар.
Мазкур "Аёллар спорт олимпиадаси" спорт мусобақалари хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.