Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳозиргина масжидда ҳожиларимиз учун Ватанга қайтиш олдидан навбатдаги маърузамни қилиб, хонамга қайтиб келдим.
Шу дамда ҳамхонам, физика-математика фанлари номзоди (PhD), устоз Хайрулла Раҳматуллаевич ШАМАТОВ шундай бир мулоҳазани айтиб қолдиларки, уни эшитиб ўрнимдан туриб кетдим.
Дарҳақиқат, баъзан бир рақам минглаб сўзлар ёритиб бера олмайдиган ҳақиқатларни очиб беради.
Бу йил муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистондан ҳаж сафарига келиш бахти 15 минг нафардан ортиқ ватандошларимиз учун насиб этди.
Энди бир лаҳза тасаввур қилинг, бугун юртимиз аҳолиси қарийб 40 миллион нафар. Агар фаразан ҳар йил улардан 15 миллион нафари ҳаж қилиш имкониятига эга, деб ҳисобласак ва ҳар йили 15 минг нафар зиёратчи ҳаж ибодатини адо этиш учун келиб турса, мазкур 15 миллион инсонларнинг барчасига ҳаж сафари насиб этиши учун тахминан бир минг йил вақт керак бўлар экан.
Ўн аср... Бир минг йил...
Бугундан орқага назар ташласангиз, бу муддат бизни Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳи яшаган даврларга олиб боради.
Демак, айнан Сизга шу йил, шу фасл, шу кунларда Аллоҳ таолонинг меҳмони бўлиш насиб этгани оддий воқеа эмас!
Бу миллионлар ичидан қилинган танловдир!
Бу қайсидир маънода — мўъжиза!
Бугун Сиз ҳаж ибодатини адо этдингиз!
Бугун Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи саодатлари олдида туриб, салом ва саловатлар айтдингиз!
Бугун Сиз Каъбани кўриб турибсиз!
Бугун Сиз Масжиди Ҳаромда намоз ўқияпсиз!
Бугун Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юрган, Қуръон оятлари нозил бўлган икки муборак замин узра қадам босиб турибсиз!
Бугун Сиз икки Ҳарами шариф азонларини ўз қулоғингиз билан эшитмоқдасиз!
Ҳолбуки, шу орзу билан яшаб, унга ета олмай дунёдан ўтган қанчадан-қанча инсонлар бор...
Шу боис ҳам ҳаж сафари инсон ҳаётидаги оддий сафар эмас.
У — умр сафаридир!
У — қалбни ўзгартириш учун берилган имкониятдир!
У — тавба учун очилган улкан эшикдир!
У — қордек оппоқ ва покиза саҳифалар сари етакловчи илоҳий чақириққа жавобан айтилган лаббайкалардир!
Шу боис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмаслигини башорат қилганлар!
Инсон мукофоти жаннат бўлган амални адо эта туриб ҳам номақбул хулқини тарк этмаса, тилини ёмон сўзлардан сақламаса, одамларни ранжитишдан қайтмаса, вақтларини беҳудага бозор кезиш ва фойдасиз машғулотларга сарфлаб юраверса, у бу улуғ неъматнинг қадрини қай даражада англаган бўлиши мумкин?!
Ҳаж — Маккага келиш эмас, Аллоҳга қайтишдир!
Ҳаж — Каъбани кўриш эмас, қалбни уйғотишдир!
Ҳаж — сафарнинг тугаши эмас, янги ҳаётнинг бошланишидир!
Ҳаж — тугалланган ибодат эмас, бошланган масъулиятдир!
Ҳаж — гуноҳлардан покланиб, янги инсон бўлиб яшаш аҳдидир!
Шундай экан, бу муборак кунларнинг ҳар бир нафасини ғанимат билиб, Аллоҳ таоло миллионлаб инсонлар орасидан бизга насиб этган бу беқиёс имкониятнинг қадрига етайлик!
Зеро, баъзи инсонлар бу муборак заминга келиб, ҳаж амалини адо этиш учун ЙИЛЛАР эмас, балки АСРЛАР НАВБАТИДА ТУРИБДИ...
Аллоҳ таоло ҳажимизни мабрур, саъй-ҳаракатларимизни машкур, гуноҳларимизни мағфур, дуоларимизни мақбул айласин. Амин.
Нурали домла МАВЛАНОВ,
“Ҳаж-2026” мавсуми Тошкент вилояти 12-гуруҳ зиёратчилари раҳбари, Тошкент тумани “Кўк Терак” жоме масжиди имом-хатиби,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси таянч докторанти.
2 июнь, 2026 йил.
16 зул-ҳижжа, 1447 йил.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати